Жаҳон | 12:15 / 17.01.2024
2347
3 дақиқада ўқилади

Полша ҳайдовчилари 1 мартгача Украина билан чегарани очади

Полша ҳукумати транспорт соҳаси вакиллари билан Украина билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктлари блокадасини 1 мартгача тугатиш бўйича келишув тузди. Намойиш ташкилотчилари «бу таслим бўлиш эмас, балки стратегик пауза» эканини билдирди.

Фото: Omar Marques / Getty Images

Полша транспорт компаниялари 1 мартгача Украина билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларини тўсиб қўйишни тўхтатади. Тегишли келишув 16 январ, сешанба куни саноат вакиллари ҳамда «Корчова», «Хребенное» ва «Дорогуск» автомобил чегара ўтиш пунктлари вакиллари билан имзоланди, деди Полша инфратузилма вазири Дариуш Климчак. 

Инфратузилма вазирлиги сайтида эълон қилинган баёнотда айтилишича, томонлар «Полша транспорт саноати муаммоларини ҳал қилиш ва халқаро автомобил транспорти бозорида мувозанатни тиклашга қаратилган фаолиятни давом эттириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида келишувга эришган».

Ҳужжат, жумладан, миллий қонунчиликни ўзгартиришга, Европа Иттифоқи-Украина келишувига кирмайдиган рухсатсиз ташувларни аниқлаш бўйича Полша хизматлари назорат тизимини кучайтиришга, шунингдек, мумкин бўлган молиявий ёрдамни таҳлил қилишга қаратилган ишларни ўз ичига олади. 

Блокада ташкилотчиларидан бири Рафал Меклер X ижтимоий тармоғида вазирликка ишонч кредити берилганини ёзди. «Агар биз ечим топа олмасак, чекловга қайтамиз», деди у ҳамда норозилик акциясининг тўхтатилиши «таслим бўлиш эмас, балки стратегик пауза» эканлигини таъкидлади. 

Полша ҳайдовчилари украинларни «имтиёз»дан маҳрум қилишни сўрамоқда

Полша ташувчилари 2023 йил ноябридан бери Украина ва Полша чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктларини тўсиб қўйган. Кейинчалик норозиликларга фермерлар қўшилди. Улар инсонпарварлик ёрдами ва ҳарбий юкларни ўтказмоқда, аммо Украина тижорат ташувчилари учун аввал бекор қилинган рухсат бериш тизимини тиклашни талаб қилмоқда. Ўтказиш пунктининг тўсиб қўйилиши натижасида минглаб юк машиналари чегарада тўпланиб қолган. 

Чегара блокадасининг сабабларидан бири сифатида Полша ташувчилари Россия ҳужуми давом этаётгани фонида Украинага ва Украинадан юкларни етказиб беришни осонлаштириш учун Брюссел томонидан киритилган чораларни келтирмоқда. 2022 йилнинг ёзида Украинага гуманитар ва ҳарбий ёрдам олиб кириладиган ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинадиган «бирдамлик йўлаклари» ишлашини таъминлаш мақсадида Европа Иттифоқи Украинада берилган ҳайдовчилик гувоҳномаларини тан олишни бошлади. 

Шу сабабли Украина транспорт компаниялари ЕИдаги ички транспорт бозорида «кенгайиш»ни бошлади - уларнинг хизматлари арзонроқ, чунки ижтимоий суғурта бадалларини тўламайди ва Европа стандартларига риоя қилиши шарт эмас, дейди намойишчилар. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид