Жаҳон | 09:02 / 18.01.2024
11036
2 дақиқада ўқилади

НАТО - Украина кенгаши: ҳарбийлар Залужнийсиз йиғилди

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний НАТО-Украина кенгашининг олий ҳарбий даражадаги биринчи йиғилишида иштирок этмади. Киев матбуотга унинг келмагани сабабларини айтмади. Иттифоқчилар украиналикларни қўллаб-қувватлашга ишонтирди.

Фото: NATO/IMS

Брюсселда 17 январ, чоршанба куни кечқурун юқори мартабали ҳарбий раҳбарлар даражасидаги НАТО-Украина кенгашининг биринчи йиғилиши якунланди. Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний Украина томони хабар қилмаган сабабларга кўра ушбу учрашувда иштирок этмади. Унинг номидан Украинанинг НАТОдаги ҳарбий вакили, генерал-майор Сергей Салкуцан ҳамкасбларига мурожаат қилди.

Украинанинг НАТОдаги миссиясига кўра, Салкуцан ҳозир бўлганларга Россиянинг урушдаги стратегик мақсадлари ҳақида ҳисобот берди, Москванинг асосий ҳаракатлари қаерга йўналтирилганлигини кўрсатди ва жанг майдонидаги вазият ҳақида батафсил маълумот тақдим этди. «У Россия қўшинларининг уруш усулларига, ракета зарбаларига ва камикадзе дронлардан давлат ҳудудидаги муҳим инфратузилмани йўқ қилишига алоҳида эътибор қаратди», — дейилади Украина миссияси матбуот хизмати хабарида.

Генерал Салкуцан, шунингдек, Украина қуролли кучларида, айниқса, F-16 қирувчи самолётлари, ҳар қандай турдаги ва диапазондаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, шунингдек, ҳамкор мамлакатлардаги ҳарбий тайёргарлик курсларига эҳтиёж борлигини эслатди. «Иттифоқчилар Украинани қўллаб-қувватлаш ўзгаришсиз қолишига ишонтирди ва зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади», - деди украин томони.

НАТО ҳарбий қўмитаси раиси Роб Бауэрнинг таъкидлашича, Шимолий Атлантика алянси Украинани керак бўлгунча қўллаб-қувватлайди. «Биз Украина қуролли кучлари бош штабини Украина қуролли кучларининг кучи, дунёқараши ва фидойилиги учун юқори баҳоладик», деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида. 

Шу куни эрталаб Бауэр Брюсселда Россиянинг Украинага қарши уруши натижаси «дунё тақдирини ҳал қилишини» айтди ҳамда Украина халқи ва армиясини уруш зулматида «ишонган қадриятлари учун курашиш нима эканлигини кўрсатадиган маёқ» деб атади. 

Мавзуга оид