Жаҳон | 10:15 / 18.01.2024
7379
4 дақиқада ўқилади

Навалний Россияга қайтиши сабаблари ҳақида пост эълон қилди

Алексей Навалний Россияга қайтиб келиб, аэропортда қўлга олинганининг уч йиллиги муносабати билан ҳеч қандай яширин режаси йўқлигини, ўз мамлакати ва ўз эътиқоди борлигини, ундан воз кечмаслигини айтди.

Фото: Facebook / navalny

Қутб доирасидан ташқаридаги колонияда кўп йиллик қамоқ жазосини ўтаётган россиялик мухолифатчи Алексей Навалний Германиядан Россияга қайтганининг уч йиллиги муносабати билан баёнот берди. 17 январ, чоршанба куни ижтимоий тармоқларда чоп этилган постида у Россияга уч йил аввал нима сабабдан қайтганини тушунтирди.

«Россия сиёсати сўнгги ўн йилликларда жамиятга бемаънилик ва фитна назарияларини шу қадар сингдирдики, одамлар оддий мотивларга ҳам ишонмай қўйди. Масалан, қайтиб келиш кимдир билан келишувга эришилганини англатади ёки Кремл минораларини ўз ичига олган қандайдир айёр режа бор», — деб ёзади у ва қайтиши учун ҳеч қандай яширин схемалар бўлмаганини таъкидлади. 

«Мен ўтиришни ёқтирмайман, лекин эътиқодимдан воз кечмайман»

Навалний ўз юрти ва ўз эътиқоди борлигини, ундан воз кечишни истамаслигини таъкидлади: «Мен биринчисига ҳам, иккинчисига ҳам хиёнат қила олмайман, агар сизнинг эътиқодингиз қадрли бўлса, уни ҳимоя қилишга тайёр бўлишингиз керак. Ва агар керак бўлса, қурбонлик қилиш лозим», деб ёзган у. Унга кўра, қайтиб келгач, сайловчиларга берган ваъдаларини бажарган. «Шундай бўлдики, ҳозир Россияда ўз эътиқодларимни яширмаслик ҳуқуқига эга бўлиш учун мен бир кишилик камерада ўтиришга мажбурман. Албатта, қамоқхонада бўлишни ёқтирмайман. Лекин ғояларим, ватанимни рад эта олмайман», - дейди мухолифатчи. 

Сиёсатчининг қўшимча қилишича, ҳозирги давлат ёлғон устига қурилган, ҳокимиятда эса «маргинал одамлар» ўтирибди. «Улар, умуман олганда, ҳеч қандай ғояларга эга эмас. Уларнинг ягона мақсади - ўз ўрнида қолиш. Мукаммалликка олиб келинган иккиюзламачилик уларга ҳар қандай вазиятдан чиқишга имкон беради», деб ҳисоблайди у. Мухолифатчи Россиянинг ҳозирги давлати оёқда қатъий турганига шубҳа билдирди. «Бир кун келиб унинг аҳволини кўрамиз», деб ишонч билдирди у. Навалний, шунингдек, «ҳокимиятдаги одамлар ўзгариши керак»лиги, адолатли ва эркин сайловлар ҳокимиятни танлашнинг энг яхши усули эканини таъкидлади. «Ҳаммага адолатли суд керак. Коррупция давлатни вайрон қилади. Цензура бўлмаслиги керак. Келажак шу тамойиллар асосида қурилиши шарт», - дейди у. 

Россияда Навалнийнинг жиноий таъқиб этилиши

Алексей Навалний 2021 йилнинг январида Германиядан Россияга қайтганидан сўнг дарҳол қўлга олинган, у ерда «Новичок» синфидаги модда билан заҳарланиб, даволаниш ва реабилитациядан ўтаётган эди. Кейин у айбдор деб топилиб, 2 йил-у 8 ойга озодликдан маҳрум этилди. 2022 йил март ойида Навалний фирибгарликда, кейин эса судяни ҳақорат қилишда айбдор деб топилиб, 9 йилга қаттиқ тартибли колонияга (жиноятлар бирикмаси учун) жўнатилган эди.

2023 йил августида Алексей Навалний Москва шаҳар суди томонидан «экстремистик ҳамжамият»ни ташкил этганликда айбланиб, махсус режимли колонияга 19 йилга озодликдан маҳрум этилди. Расмийларга кўра, бундай жамоа у томонидан асос солинган ФБК эди. Ямал-Ненец автоном округидаги колонияга кўчирилишидан олдин, Алексей Навалний Владимир вилоятининг Мелехово қишлоғидаги ИК-6 да бўлган. Декабр ойи бошида Навалнийнинг тарафдорлари деярли уч ҳафта давомида у билан алоқага чиқа олмади. 2024 йил 9 январ куни Навалний ижтимоий тармоқларда Ямал колониясидаги жазо камерасида эканлиги ҳақида хабар эълон қилди. 

Мавзуга оид