— “Пахтакор”ни сотиш, ва умуман бошқа кўплаб хусусийлаштириш жараёнлари нима сабабдан очиқ аукцион эмас, энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан ўтказилмоқда?
— “Пахтакор” клуби ҳозирги кунда 100 фоиз Тошкент шаҳар ҳокимлиги таъсисчилигидаги муниципиал мулк ҳисобланади, яъни 100 фоиз давлат тасарруфида. Осиё футбол конфедерациясининг футбол клубларига қўйган талаблари бор. Улардан бири – битта давлат ташкилоти бирдан ортиқ футбол клубига таъсисчи бўлиши мумкин эмас. Чунки бу рақобат муҳитига таъсир қилади, келишилган ўйинлар бўлишига олиб келиши мумкин, деган тавсия ва талаблари бор. Бизда эса қарийб ҳамма футбол клубларимиз ё давлат, ё давлат иштирокидаги корхоналар тасарруфида. Яъни ҳамма футбол клубларининг таъсисчиси давлат бўлиб қоляпти.
Шунинг учун бу соҳада рақобат муҳитини шакллантириш, босқичма-босқич хусусий секторни жалб қилиш мақсадида тегишли хусусийлаштириш дастурларига асосан барча футбол клубларини босқичма-босқич хусусий секторга бериш режалаштирилган. Жаҳон тажрибасига қарайдиган бўлсак, энг илғор футбол клублари ҳам хусусий ҳисобланади. Уларнинг стадионлари ҳам ўз балансларида туради. Англияни оладиган бўлсак, ҳамма билган “Манчестер Юнайтед”, “Арсенал” ёки Германиядаги “Бавария”, Италиядаги “Милан” клубларининг ҳаммасида стадионлар шу клубларнинг эгалигида. Футбол клубларининг ривожланишида уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкам бўлиши учун бу муҳим аҳамиятга эга.
“Пахтакор” клуби йирик актив бўлгани учун, унинг соҳаси ўзига хос бўлгани учун очиқ аукцион эмас, алоҳида шартлар ва мезонлар белгиланган ҳолда энг яхши таклифни танлаб олиш услуби танланган. Харидорга кейинчалик ушбу клубнинг фаолиятини ривожлантириш, халқаро даражага кўтариш, унинг балансидаги стадион ва бошқа спорт иншоотларининг ҳаммасини фақатгина спорт мусобақалари ва спорт билан боғлиқ бўлган мақсадлар учун фойдаланиш талаби қўйиляпти. Шу билан бирга, клуб қошидаги футбол академияси фаолиятини сақлаб қолиб, уни ҳам ривожлантириш талаби ҳам бор.
Эртага харидор томонидан бу талаблар албатта бажарилиши керак. Бажармаслик шартноманинг бекор бўлишига сабаб бўлади.
Харидорни танлаб олишда шу соҳани ривожлантириш бўйича потенциали баҳоланади. Танлов иштирокчиларининг ҳақиқатан ҳам эртага ушбу футбол клубини ривожлантириш салоҳиятига эга бўладими-йўқми, кўриб чиқилади. У белгиланган мезонларга амал қилиш керак. Жамоатчилик хавфсираётган оқибатларга олиб келмаслиги керак.
Хусусийлаштиришнинг бу тартиби бутун дунёда йирик активларни хусусийлаштиришда қўлланилади. “Профилли инвестор” дейилади, йирик давлат активлари хусусийлаштирилганидан кейин янада ривожланиши учун салоҳиятли ва профилли, яъни шу соҳадаги инвестор бўлиши керак.








