Венгрия ЕИнинг Украина бўйича саммити муваффақиятли ўтишига шубҳа қилмоқда
Евроиттифоқ билан Украинага янги ёрдам кўрсатиш бўйича келишувга ҳали эришилгани йўқ, деди Венгрия бош вазири девонхонаси раҳбари. Европа Иттифоқининг декабрдаги саммитида Орбан Киевга макромолиявий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қарорга вето қўйган.
Венгрия ҳукумати Европа Иттифоқининг 1 феврал куни бўлиб ўтадиган фавқулодда саммитида Украинага кўп миллиард долларлик бюджет ёрдами режаси бўйича ўз позициясига содиқ қолади. «Биз Еврокомиссия билан музокаралар олиб бормоқдамиз, бироқ позицияларимиз кескин фарқ қилади, шунинг учун келишувга эришиш сўроқ остида», — деди Венгрия бош вазири Виктор Орбан идораси раҳбари Гергей Гуйяш 18 январ, пайшанба куни Будапештда.
Унинг сўзларига кўра, умумий позициянинг йўқлиги «фожиа бўлмайди, чунки бу ҳолда 26 Европа Иттифоқи давлати Украинани қўллаб-қувватлаши мумкин» ва Венгрия ўзини Россиядан ҳимоя қилаётган бу давлатга икки томонлама ёрдам беради.
Украинага кейинги ёрдам масаласи бўйича Венгрия билан зиддият
Венгрия июн ойидан бери Европа Иттифоқининг Киевга макромолиявий ёрдам кўрсатишга уринишларига тўсқинлик қилмоқда. Мамлакат бош вазири Виктор Орбан, биринчидан, Украинадан унга ажратилган маблағларни қандай сарфлагани ҳақида ҳисобот беришни, иккинчидан, Брюссел Венгрия суд тизими мустақиллигига шубҳа туфайли музлатиб қўйган ЕИ ёрдамини блокдан чиқаришни талаб қилмоқда. 14 декабр куни бўлиб ўтган Европа Иттифоқи саммити олдидан ушбу маблағларнинг 10 миллиарди блокдан чиқарилди, бироқ Венгрия яна Украинага 50 миллиард евролик ёрдам ажратилишига вето қўйди.
Энди Украинага кейинги макромолиявий ёрдам кўрсатиш бўйича қарор Европа кенгашининг 1 февралдаги навбатдан ташқари йиғилишида қабул қилиниши режалаштирилган. Агар Европа Иттифоқи етакчилари бу масала бўйича консенсусга эришса, бу Киевга Халқаро валюта жамғармасидан (ХВЖ) қарийб 900 миллион долларлик янги транш ажратилишини кафолатлайди, деб ёзади Financial Times. Бу Киевга инфляция ортишига олиб келадиган, бюджет тақчиллигини қоплаш учун пул чиқармаслик имконини беради.
Шу билан бирга, 18 январ куни Европарламент Будапештнинг «Европа Иттифоқининг асосий қадриятларига путур етказиш»га қаратилган «қасддан, қатъий ва тизимли» ҳаракатларини қораловчи резолюцияни қабул қилди ва Европа Иттифоқининг 7-моддасига мувофиқ Европа кенгашини Венгрия расмийларининг хатти-ҳаракатлари демократия ва қонун устуворлиги тамойиллари «жиддий ва доимий» бузилишига олиб келадими ёки йўқми, шуни аниқлашга чақирди. Шу тариқа, Венгрия Европа Иттифоқида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
16:16 / 08.11.2024
Тахтиқорача довонида тош босиб қолганларнинг икки нафари венгриялик бўлган
11:29 / 06.11.2024
Украинага ёрдам: ЕИ АҚШ сайловлари натижаларини кутмоқда
10:08 / 06.11.2024
ЕИдаги ёнувчи посилкалар: Литвада гумондорлар ушланди
12:30 / 05.11.2024