Қўлга олинганлар орасида Тemirov LIVE таҳририятининг собиқ ва ҳозирги журналистлари, жумладан Жоодар Бузумов (фотода) бор.
Фото: KHAMIDULLO UZAKOV

18 январ куни Бишкекдаги суд журналист ва Temirov Live лойиҳасининг собиқ ходимлари бўлган 11 кишини икки ой муддатга ҳибсга олди. Бир кун олдин ички ишлар органлари ходимлари уларни оммавий тартибсизликларга даъват қилиш иши бўйича қўлга олганди. 

Temirov Live ва «Айт Айт Десе» таҳририятлари раҳбари Болот Темиров BBC учун интервюсида ҳибсга олинганларнинг икки нафари – лойиҳалар раҳбари Махабат Тажибек қизи (у Темировнинг рафиқаси) ҳамда оқин (импровизатор шоир) Азамат Ишенбековга нисбатан оммавий тартибсизликларга даъват қилиш бўйича айблов эълон қилинганини айтган. 

Оқин Ишенбеков журналистик суриштирувларни қирғиз тилига ўгириш билан шуғулланган. Унинг чиқишлари «Айт Айт Десе» ютуб-каналида жойлаштириб борилган. 

«[Терговнинг] иш қўзғатиш тўғрисидаги қароридан оммавий тартибсизликларга чақириш улар учун нималигини кўришимиз мумкин. Улар учун „мамлакат раҳбариятини обрўсизлантириш аҳолини зўравонлик ҳаракатларига ундаш“дир, яъни ҳокимиятга ҳар қанақа танқид чақириқ ҳисобланади. Бу ақлга сиғмайди», — деган Темиров. 

Унинг маълумотига кўра, қўлга олинганлардан яна икки нафарига— оператор Оқил Орозбеков ва Temirov Live собиқ журналисти, лойиҳани бир ярим йил олдин тарк этган Актилек Капаровга ҳам оммавий тартибсизликларга даъват қилиш бўйича айблов эълон қилиниши кутилмоқда. 

Икки кун давомидаги оммавий тинтувлар 

16-17 январ кунлари Бишкекдаги тўртта нашр журналистлари оммавий тинтув ва сўроқларни бошдан кечиришди. Биринчи куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари 24.kg агентлиги офисида уруш ташвиқоти иши бўйича тинтув ўтказган ва офисни муҳрлаб қўйган. 

Ахборот агентлиги раҳбарияти таҳририят офисидан тўғри сўроқ қилиш учун олиб кетилган. 24.kg шеф-редактори Моҳинур Ниязова ички ишлар вазирлигига йўл олишдан олдин журналистларга иш Украинадаги уруш тўғрисидаги материал туфайли очилганини айтишга улгурган. 

Таҳририятга рейд уюштирган бишкеклик милиционерлар.
Фото: KHAMIDULLO UZAKOV