18:52 / 25.01.2024
18273

«Салимбой»дан ёрдам сўраган қирғизистонлик депутат Эмил Жамғирчиев ҳибсга олинди 

У қирғиз-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбланмоқда ва 26 февралга қадар ҳибсда қолади. 

Фото: АКИpress

Қирғизистонлик депутат Эмил Жамғирчиев Бишкекда ҳибсга олинди. Унга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган. 

Депутат қирғиз-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбланмоқда. У 26 февралга қадар ҳибсда қолади. Жамғирчиев ўзининг ҳибсга олиниши ҳақидаги қарордан норози эканини ва шикоят беришини билдирган. Шунингдек, у ўзига қўйилган айбловни рад қилмоқда. 

2023 йил 27 декабр куни Қирғизистон бош прокурори Жогорку Кенешга (парламент) тақдимнома юбориб, Эмил Жамғирчиевни Қирғизистон Республикаси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда гумон қилинаётгани ҳақида хабар берди. 9 январ куни Жогорку Кенеш уни жиноий жавобгарликка тортишга рози бўлди. 

Жамғирчиев матбуот анжумани ўтказишни режалаштирган эди, аммо парламент биносидан қочиб кетди. 

10 январ куни Қирғизистон махсус хизматлари раҳбари Қамчибек Ташиев депутат Эмил Жамғирчиев Ўзбекистонга ўтиб, «Салимбой» номи билан танилган Салим Абдувалиевдан Қирғизистон расмийлари орасидаги низоларни бартараф қилиб, ўртада тартиб ўрнатишда ёрдам сўрагани, Абдувалиев эса Қирғистондаги ишларга аралашмаслигини айтгани ҳақида хабар берди. 

15 январ куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров депутат Жамғирчиев ўзбекистонлик Салим Абдувалиев билан учрашгани ва ундан «икки дўст»ни йўқ қилишда ёрдам сўраганини айтди. Президент «икки дўст» ким эканига аниқлик киритмади. Аммо Қирғизистонда президент Жапаров ҳамда миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Қамчибек Ташиевни «икки дўст» деб аташади.

Top