Ўз вақтида мустабид тузум ҳукм сурган СССРдан хориж давлатларига чиқишга умуман рухсат берилмасди. Фақат давлат хизматчилари социалистик давлатларга, унда ҳам КГБнинг қатъий назорати остида бориб кела оларди.

Шу сабабли бу давлатдан хорижга кетишни хоҳлаган, бироқ иложини қила олмаган одамлар турли йўллар билан қочиб кетарди. Уларнинг орасида ноодатий йўллар билан қочганлар ҳам кўп бўлган.

Масалан, океаншунос Станислав Курилов ва Лилианна Гасинская круиз теплоходида саёҳатга чиқиб, бири Филиппин, иккинчиси Австралия қирғоқлари яқинида ўзини денгизга ташлаб, қирғоққача сузиб боришган.

Петр Патрушев эса Гуржистонга дам олишга боради ва Қора денгиз орқали сузиб Туркияга қочиб кетади. Яна бир қочоқ Борис Беленко советлар томонидан ясалган ва ҳали синовдан ўтказилмаган янги МиГ-29 ҳарбий самолёти билан Японияга қочиб кетади.

Шунингдек, СССРдан жуда кўплаб КГБ ва ташқи разведка хизмати ходимлари қочиб кетишган. Улардан бири сохта паспорт билан қочган бўлса, бошқаси дипломатик ваколатхонага тегишли машина юкхонасига яшириниб қочган.

1991 йилда СССР парчаланиб кетгандан сўнг вазият кескин ўзгаради. Бошқа собиқ иттифоқ республикалари фуқаролари қатори россияликлар ҳам турли давлатларга бемалол бориб келиш ёки кўчиб кетиш имкониятига эга бўлишади.

Бироқ орадан 31 йил ўтиб, вазият бирдан ўзгарди. Бунга 2022 йил 24 феврал куни Россиянинг Украинага бостириб киргани сабаб бўлди. Россия Украинани қисқа муддатда босиб олиш учун жуда катта ҳарбий куч ташлади. Аммо режа амалга ошмади.

Гарчи Россия жуда кўп ҳарбий техникаларидан ва аскарларидан айрилса-да, Украинани қисқа муддатда эгаллашнинг имконияти бўлмади. Уруш бошланганидан сўнг орадан 7 ой ўтгач, 2022 йил 21 сентябр куни Россияда сафарбарлик эълон қилинди.

Сафарбарликни шахсан Россия президенти Путиннинг ўзи эълон қилди ва фақат захирадагилар, биринчи навбатда, ҳарбий хизмат ўтаган, ҳарбий мутахассислик ва жанговар тажрибага эга бўлган фуқаролар сафарбар этилишини айтди.