16:33 / 02.02.2024
30026

Олий таълим вазирлигига янги раҳбар тайинланди

Вазирлик раҳбарлиги 2023 йил октябридан буён бўш қолаётганди.

Фото: Қонунчилик палатаси

Ўзбекистон президентининг фармони билан Қўнғиротбой Авезимбетович Шарипов Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири лавозимига тасдиқланди. 

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Қ. Шарипов номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган.

Конгратбой Шарипов 2009-2010 ва 2017-2019 йилларда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ректори сифатида, 2010-2017 йилларда шу университетда молиявий ва иқтисодий ишлар бўйича биринчи проректор бўлган, 2019 йилнинг майидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган.

2019 йил ноябрида эса Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ректор этиб тайинланганди.

  • Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Инновацион ривожлантириш вазирлиги қўшиб юборилган ва 2023 йил январида янги вазирликка Иброҳим Абдураҳмонов раҳбар этиб тайинланганди.
  • Аммо Абдураҳмонов 2023 йил октябрида қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбарлигига ўтказилди ва шундан кейин олий таълим вазирлиги раҳбарлиги бўш қолаётганди.
Top