Док-1 Макс” иши бўйича судланувчиларга сўнгги сўз берилди. Фармагентликнинг собиқ раҳбари Сардор Кариев ўз сўзида ўзига нисбатан адолат қилинмаганини, айбловлар асоссиз ва туҳмат эканини, оқлов эълон қилинсагина адолат тикланишини гапирди. Судлов ҳайъати иш бўйича ҳукм чиқариш учун маслаҳатга кирди.

“Док-1 Макс” иши бўйича суд жараёнлари якунланяпти. 19 феврал кунги суд мажлисида музокара қисми якунланиб, судланувчиларга сўнгги сўз берилди.

Суд мажлисида сўз олган судланувчи, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариев якуний нутқида айби йўқлиги, унга нисбатан қонуний ҳукм чиқарилиши кераклигини айтди.

“Суд ярим йидан бери давом этяпти. Суд жараёнида томонларнинг адолат тушунчаси ҳар хил бўлмоқда. Жабрланувчилар томонидан ўлим жазоси сўраганлар ҳам, қонуний жазо бўлсин деганлар ҳам, айби йўқ деганлар ҳам бўлди. Жараёнларни тўғри таҳлил қилиб, айби йўқ деган кишилардан миннатдорман.

Жабрланувчилар учун бўлган судларда уларнинг бирортаси охиригача қатнашмади. Судда нима масалалар кўтарилди, нима билан айблашди, ўзи тўғри айб қўйиляптими, биз нима важлар келтирдик — жабрланувчиларда шу каби масалаларга тўғри баҳо бериш имконияти бўлмади, деб ўйлайман.

ОАВда суд жараёни ёритилди, бунинг учун уларга миннатдорчилик билдираман. Лекин суд ярим йил бўлди, ҳафтасига 3 марталаб, 8 соатлаб бўлди. Бунча нарсани ОАВлар тўлиқ ёритолмайди. Шу сабабли, одамларда тушунча ҳар хил бўлиб қолди. Жамият иккига бўлинган: бир томон оғир жазо сўраяпти, бир томон эса айбсиз ҳисоблаяпти.

Мени асоссиз қамашди, туҳмат билан қамалдим. Менга нисбатан туҳмат қилганлар жавобгарликка тортилса, мен учун адолат шу бўлади. Биз ҳуқуқий давлатда яшаймиз. Лекин қанчалик ҳуқуқий давлатмиз, деган масала чиқади шу ўринда.

Айбимиз йўқлигидан ташқари бизга нотўғри модда, яъни Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4 банди билан айблов қўйилган. Бу модда дори воситасининг зарарли эканини била туриб, сотиш учун олиб кирган шахсга нисбатан қўйилиши керак. Лекин ҳатто ишлаб чиқарувчининг хабари бўлмаган бу зарарли моддадан.

Ҳуқуқий давлатда ҳуқуқ нуқтаи назаридан тергов тўғри олиб борилиши керак. Аммо тергов ҳам нотўғри олиб борилди. Бошқа ривожланган давлатларда ҳам шундай масалаларда жамият бўлинади, турли қарашлар бўлади. Биз ҳам ривожланяпмизки, ОАВлар орқали ёритиляпти, очиқ суд бўляпти.