Пора олиш ва фирибгарлик жиноятини содир қилганликда айбли деб топилган собиқ судяларнинг барчасига суд ҳукми билан жазо берилган. Бу ҳақда Олий судда 2023 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти ҳамда суд тизимини янада такомиллаштириш бўйича келгусидаги вазифалар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.  

Матбуот анжуманида Kun.uz мухбири суд тизими масъулларига аксарият ҳолларда пора билан ушланган судяларга қандай чора кўрилгани ҳамда тергов ва суд натижалари нима бўлганидан жамоатчилик бехабар қолиши хусусида савол билан юзланди.

Жумладан, 2023 йилнинг 16 феврал куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судяси 4 минг доллар пора олаётганда, 2022 йил феврал ойида эса Юқори Чирчиқ туманлараро суди судяси шериги билан бирга 3 минг доллар олган вақтида қўлга тушган. Шунингдек, 2022 йилда Тошкентда ноқонуний эгалланган ер участкалари бўйича ишларни манфаатдорлар фойдасига ҳал қилиб берганлик учун Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича икки судясига жиноий иш очилган. Бироқ ушбу судяларнинг кейинги тақдири нима бўлгани жамоатчиликка очиқланмаган.

Саволга жавоб берган Олий суд раиси ўринбосар Икром Муслимовга кўра, ушбу судяларнинг барчасига жазо тайинланган.

“Ахборот берганмиз, яширмаганмиз. Судьялар борасида эса жамоатчиликда қизиқиш бўлмаган. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани судяси Баҳриддин Икромов 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва жазони ижро этиш жойларида жазо муддатини ўтаяпти. Юқори Чирчиқ туман туманлараро суди судяси Тошпўлатовга 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган. У фирибгарлик жинояти содир қилган деб топилиб, зарар қоплангани учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо берилган. Шунингдек, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича икки судясига ҳам Жиноят кодексининг 231-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, озодликдан чеклаш жазосига судланган”, дея таъкидлаган Икром Муслимов