Адлия вазирлигида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вазирлик 2023 йилда амалга оширган ишлари тўғрисида маълумот берилди.  

Матбуот анжуманида иштирок этган Kun.uz мухбири вазир ўринбосари Алишер Каримовга Хоразм вилояти Адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Ойбек Машариповнинг жинояти вазирлик нуфузига қандай таъсир қилгани, бу каби ҳолатлар тизим ходимлари ўртасида такрорланмаслиги учун қандай чоралар кўрилгани, шунингдек, вазирлик иш бўйича чиқарилган ҳукм ва жазо чорасини қанчалик адолатли бўлди дея ҳисоблаши ҳақида савол берди.  

Алишер Каримовга кўра, Ойбек Машарипов жиноятини аввало адлия тизими ходими сифатида эмас, шахс сифатида содир қилган.

 “Бу ҳолат жамоатчилик томонидан ҳозирги кунгача муҳокама қилиняпти. Албатта, бу оқлаб бўлмайдиган ҳолат, Адлия вазирлигининг ҳар бир тизими ходимига ёмон таъсир қилди, деса ҳам бўлади. Лекин шахс у. Шахс эса ўзининг қилмиши учун ўзи қонунда белгиланган тартибда жавоб беради.

Бунақа ҳолатларга йўл қўймаслик ва олдини олиш мақсадида Адлия вазирлигида одоб-ахлоқ кодекси ишлаб чиқилган. Унда тизимдаги барча ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Бу йўналиш бўйича кўплаб ходимлар билан иш олиб бориляпти.

Вазирликнинг нуфузи битта шахснинг хатти-ҳаракати билан баҳоланмайди. Гуруч курмаксиз бўлмайди. Мана, олиб қарасангиз, давлат ташкилотларида қанча ҳолат мавжуд.

Жуда кўп ОАВ ва блогерлар томонидан адлияга урғу қаратиляпти. Бу шу тизимда фаолият юритаётган инсон сифатида бизга таъсир қилади. Лекин масаланинг иккинчи томони бор: у адлия ходими бўлгани билан давлат бериб қўйган ваколатдан келиб чиққан ҳолатда бу жиноятни содир қилгани йўқ, шахс сифатида, инсон сифатида содир қилди. Мана шу нарсага эътибор қаратишимиз керак. Бу нарсани эртага бошқаси ҳам қилиш мумкин.  

 Суднинг фаолиятига ҳеч ким аралаша олмайди. Иш апелляция тартибида ҳам қайта кўриб чиқилди, Олий суд томонидан ҳам изоҳлар берилди. Яъни ўша пайтда амал қилган қонунчилик доирасида жазо чоралари белгиланди. Ундан кейин бу масалалар бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритилди. Бевосита Адлия вазирлигининг ўзи ўша қонуннинг ташаббускори бўлди. Биз ўзимиз қонун лойиҳасини ишлаб чиққандик, парламент маъқуллади, кучга кирди, жавобгарлик чоралари оширилди. Лекин ҳуқуқни қўллашда бу қилмиш содир бўлган ва аниқланган пайтдаги қонунчилик бўйича жазо тайинланади. Суднинг қабул қилган ҳукмини таҳлил қилишга бизнинг ҳаққимиз йўқ”, дея таъкидлаб ўтди вазир ўринбосари.