Ўзбекистон | 11:33 / 27.02.2024
12780
3 дақиқада ўқилади

«Док-1 Макс» ишида Улуғбек Эгамовга нисбатан тергов органига хабарнома юборилгани маълум бўлди

«Док-1 Макс» иши судига раислик қилган судя Мусо Юсуповга кўра, Фармагентлик раҳбари собиқ ўринбосари Улуғбек Эгамовга нисбатан тергов органига хабарнома юборилган. Агар унинг ҳаракатларида жиноят тасдиқланса, жиноий иш қўзғатилади.

26 февраль куни «Док-1 Макс» иши бўйича суд жараёни якунига етди ҳамда суд ҳукми ўқилди. Ҳукмдан сўнг ишни кўрган судя Мусо Юсупов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида иштирок этган Kun.uz мухбирининг маълум қилишича, Мусо Юсупов Фармагентлик раҳбари собиқ ўринбосари Улуғбек Эгамовга нисбатан айблов эълон қилиниб, иши терговга оширилгани, аммо у суд жараёнларида судланувчилар рўйхатида кўринмагани ҳақидаги саволга жавоб қайтариб, ҳеч ким кўрсатув бермаса шахсни айблаш тўғри бўлмаслигини билдирган.

«Хабарларингиз бор, жиноят иши кўрилиш жараёнида адвокатлар томонидан илтимоснома киритилишидан олдин биз Эгамовни судга чақириб, сўроқ қилдик. Биз адвокатларнинг илтимосномаси юзасидан ажрим чиқардик.

Битта нарсани тўғри қабул қилиш керак. Шахсни айблаш қийин. Ҳаммамиз кўрдик, инспекцион текширувдан агентлик раҳбарининг ташаббуси билан олингани айбловдан ўтди. Агентлик раҳбарига мурожаат қилинганми, йўқми деган масала кўрилди. Агентлик раҳбари томонидан суд иш кўрилаётган вақтда “Мен сени деб ўтирибман. Қанча пора олдинг?“ деган саволлар ҳам бўлди. Биз шу ҳолатни текшириш учун ўша пайти терговга юбордик, лекин бу ҳолатни тергов жараёнида бирорта гувоҳ тасдиқламади. Судда ҳам шу саволга тўхталдик. “Сизларда бирорта далил борми айнан шу инсоннинг таркибида заҳар мавжуд бўлган дорини Ўзбекистонга импорт қилган корхонани инспекцион текширувдан олиб ташлаш бўйича аралашуви бўлганми?“ деган саволни қўйганимизда йўқ деган фикр билдирилди. Энди битта шахсга ҳеч ким кўрсатув бермаса, уни айблаш ўз-ўзидан тўғри бўлмайди.

Лекин битта нарсага амин бўлдикки, айнан Telegram’да биринчи ўринбосарнинг ёзишмалари бор. Инспекцион текширувдан олиб ташлаш, инспекцион текширув баённома ўзгариши керак бўлса, раҳбар ўзгартириб, қўл қўйиб беради, деган кўрсатувлари бор эди. Биз шу ҳолатни ҳам тергов органи яна бир марта кўрсин, балки тергов жараёнида янги ҳолат аниқланар, деган фикрга келдик. Ўша ҳолатга ҳам баҳо бериш учун суд якуни бўйича Жиноят процессуал кодекснинг 417-моддаси тартибида жиноят иши қўзғатиш масаласида хабарнома юбордик. Тергов органи буни текширади. Ҳаракатларида жиноят иши тасдиқланса, жиноят иши қўзғатилади”, деган судя.

Эслатиб ўтамиз, 26 феврал куни «Док-1 Макс» иши бўйича 23 нафар судланувчига нисбатан суд ҳукми эълон қилинганди.

Мавзуга оид