Асли самарқандлик Саодат Шерматова ҳозир 49 ёшда. 28 феврал куни у илк бор Тошкент кўчаларида автобус бошқара бошлади. “Тошшаҳартрансхизмат” тизимидаги аёл автобус ҳайдовчилари бир ой давомида амалиётда бўлади. Амалиёт даври учун уларга тажрибали ҳайдовчилар бириктирилган. Саодат Шерматовага автобус ҳайдашда 40 йиллик тажрибага эга Абдумутал Дакибаев устозлик қилмоқда.

“2005 йилда ҳайдовчилик гувоҳномасини олганман, 2019 йилда эса “D” категория олдим. Ҳозирги кунда Юнусобод туманидаги 8-автобус саройида фаолият юритаман. Шу вақтгача бу автобус саройида автобусларга техник хизмат кўрсатиш, тозалаш каби ишларни қилиб юргандим.

Бугун амалиётимнинг биринчи куни, устозларим Зафар ака, Жалол ака ва Мутал аканинг ёрдами билан бемалол енгил машина бошқаргандек автобусни бошқаряпман. Қийинроқ деб ўйлагандим, лекин ундай эмас экан, деярли қийинчилик бўлмади. Фақат “пик” вақтларда эҳтиёт бўлиш керак экан, бошқа вақтлари яхши”, – дейди Саодат Шерматова.

Унинг таъкидлашича, 2019 йилдан бошлаб у “Газел”да одам ташиган, кейинроқ ижтимоий тармоқларда автобуслар, катта юк машиналарини ҳайдаётганларга қизиқиб, шу соҳага ўтган. 

“Қароримни турмуш ўртоғим, фарзандларим қўллаб-қувватлаган. Йўловчилардан кимдир ёқтирмаяпти, кимдир эса жуда хурсанд. Ҳар хил одам чиқади, кўпроқ одамлар хурсанд бўляпти. Бу янгилик-да. Чўчигандим озгина, лекин ишласа бўларкан.

Ҳуқуқшуносман, орзуйим нотариус бўлиш эди, ҳаёт йўллари мени автобус бошқаришга олиб кетди. Тошкент кўчаларида шундай катта автобуслар ҳайдаб юрганимдан фахрланиб кетяпман”, – дейди у.

Автобус ҳайдовчилари аввалига йўл қоидалари, кейин автобус бошқариш бўйича имтиҳондан ўтиши керак. Шундан кейин улар бир ой амалиётда бўлади, муддат тугагач эса ўзлари мустақил автобус бошқариши мумкин.

Саодат Шерматованинг турмуш ўртоғи ҳам шофёр.

“Турмуш ўртоғим қўллаб-қувватлаган, ёнида олиб юриб ўргатса ўргатганки, нотўғри қиляпсан, демаган. У менга ишонган, рулга ўтқизиб, ёнида олиб юрган.

Икки нафар фарзандим бор, ўғлим чет элда бакалаврда ўқийди, қизим эса мактабда”, – дейди Саодат опа.

БМТ ривожланиш дастури ва Транспорт вазирлиги қўшма лойиҳасида гендер эксперт сифатида ишлайдиган Азизахон Хўжаеванинг айтишича, шу вақтгача Ўзбекистонда аёллар автобус бошқариши учун қонунчиликда чеклов бўлган.