Жаҳон | 11:42 / 07.03.2024
5258
3 дақиқада ўқилади

«Унинг исми Лиза эди»: Варшавада зўравонлик қурбонлари хотирасига бағишланган акция бўлиб ўтди

Варшава марказида 2 мингга яқин одам зўрланган ва ўлдирилган 25 ёшли беларуслик Лиза ва зўравонликдан жабр кўрган барча аёлларни хотирлаш учун йиғилди.

Фото: DW

«Унинг исми Лиза эди» акцияси 6 март, чоршанба куни кечқурун Варшава марказида бўлиб ўтди, у ерда 25 февралга ўтар кечаси беларуслик 25 ёшли Лиза зўрланиб, ўлдирилди. Митинг Полша, Беларус ва Украина аёллар ҳаракати вакиллари ташаббуси билан ўтказилди.

«Биз унинг исми маълум бўлишини, эсда қолишини истаймиз: унинг исми Лиза эди, у 25 ёшда эди, у яшашни истаган ёш аёл эди», деди акция ташкилотчиларидан бири, беларуслик фаол Наста Базар DW нашрига. Унинг сўзларига кўра, марш иккита сигналга эга: ҳар бир аёл доимо унга ишонадиган ва қўллаб-қувватловчи аёллар бўлишини билиши ва ҳар бир эркак зўравонликни тўхтатиш учун нима қилиши мумкинлиги ҳақида ўйлаши керак. 

Варшавада зўравонлик қурбонлари хотирасига бағишланган «қичқириқ дақиқаси» 

Лиза ва бошқа зўравонлик қурбонлари хотирасига полша-беларуслик фаол Яна Шостак «қичқириқ дақиқаси» ўтказди. «Биз бефарқ бўла олмаймиз. Европанинг марказида даҳшатли воқеа содир бўлди - қотиллик, зўравонлик. Мен Лизанинг ўрнида ўзимни тасаввур қилдим. Бошқалар ҳам бефарқ бўлмаслигини истардим», - дейди Шостак. 

«Эркаклар зўравонликка йўл қўйиб бўлмаслигини тушуниши керак. Афсуски, аёлларга нисбатан оилада зўравонлик кўп. Биз аёллар учун тенг ҳуқуқларга эришишимиз керак, аёллар ўзларини хавфсиз ҳис қилишини таъминлашимиз керак. Бу бутун жамиятнинг масъулияти», - дейди. беларуслик мухолифат сиёсатчиси Павел Латушко. 

#хопіцьгвалціць (зўрлашни тўхтатинг) флешмоби 

Беларуслик Лиза 25 февралга ўтар кечаси Варшава марказида зўрланган. Зўрловчи уни бўғиб ўлдирмоқчи ҳам бўлган, қиз ҳушсиз ҳолда топилган. 1 март куни у ҳушига келмай касалхонада вафот этди. Жиноятда 23 ёшли Варшавада яшовчи фуқаро гумон қилиниб, ҳибсда сақланмоқда.

Елизаветанинг зўрланиши ва ўлимидан сўнг, Полшада бундай жиноятлар учун жазони кучайтириш ҳақида мунозаралар бошланди. Беларуслар ва беларус аёллари #хопіцьгвалціць (зўрлашни тўхтатинг) флешмобини қўллаб-қувватлади - улар ижтимоий тармоқларда жинсий зўравонлик ҳақидаги ҳикоялар ва бундай ҳолатларни камайтириш учун нима қилиш мумкинлиги ҳақида постларни нашр этяпти. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид