2024 йил кузда АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари ўтказилади. Бу сайловда асосан иккита: республикачилар ва демократлар партиялари кураш олиб боради.

Президентлик учун фақат демократлар ва республикачилар курашгани учун кўпчилик АҚШда фақат иккита сиёсий партия бор деб ўйлайди. Аслида ундай эмас. Бу давлатда 40 та атрофида сиёсий партия бор.

Шунчаки Америкада демократлар ва республикачилар жуда катта фарқ билан гегемонлик қилишади. Шу сабабли омма бошқа партиялар ҳақида унча маълумотларга эга эмас.

АҚШда демократлар ва республикачилар партиялари узоқ йилдан буён қарийб тенг рақобат олиб бормоқда. Буни статистик маълумотлардан ҳам билиб олса бўлади.

Жумладан, шу пайтгача АҚШда демократлардан 16 нафар, республикачилардан 19 нафар шахс президент бўлган. Қолганлар бошқа партиялар аъзолари бўлишган.

Хўш, АҚШда қайси партия вакиллари кўпроқ президентлик қилган? Уларни бирма-бир санаб чиқамиз.

Демократик партия

Хўтикча АҚШда демократлар рамзи ҳисобланади
Фото: Alamy 

Демократик партия АҚШда илк тузилган партиялардан бири ҳисобланади. Бу партия аъзоларидан 16 киши АҚШни бошқарган. Бугун АҚШ аҳолисининг қарийб ярми шу партияни қўллайди.

Қуйидаги президентлар демократлар вакиллари бўлишган:

1. Эндрю Жексон. АҚШнинг 7-президенти (1767-1845)

Эндрю Жексон демократик партия асосчиларидан бири ҳисобланади. У демократлар орасидан биринчи бўлиб мамлакат раҳбари бўлган. У 1829-1837 йилларда икки муддат АҚШни бошқарган.

2. Мартин Ван Бюрен. АҚШнинг 8-президенти (1782-1862)

Мартин Ван Бюрен ҳам демократлар партияси асосчиларидан бири ҳисобланди. У 1837-1841 йиллар оралиғида бир муддат АҚШни бошқарган. Иккинчи муддат учун ўтказилган сайловларда Виглар партияси вакили Уилям Ҳенри Ҳаррисонга ютқазган.

3. Жеймс Нокс Полк. АҚШнинг 11-президенти (1795-1849)

Жеймс Нокс Полк 1845-1849 йиллар оралиғида АҚШни бошқарган. Иккинчи муддат учун ўз номзодини қўймаган.