“Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори” АЖ акциядорлари даставвал бозорни ихтиёрий равишда ликвидация қилишга қарши бўлишган.

Молиячи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, жорий йил 31 январ куни ўтказилган акциядорлар умумий йиғилишида "Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори" АЖ акциядорлари бозорни ихтиёрий тугатиш ҳақидаги масалага 100 фоиз қарши овоз беришган.

Бозор кузатув кенгашининг 2024 йил 24 январдаги қарори билан номинал қиймати 53,9 млрд сўмлик 36 397 681 дона акция чиқарилуви маъқулланган ва 28 феврал куни ушбу чиқарилув давлат рўйхатидан ўтган.

“Тасаввур қиляпсизми? Тугатилишидан бир кун аввал акциялар чиқарилуви рўйхатдан ўтяпти. Тугатилмоқчи бўлган жамият қўшимча акция чиқарадими? Акциялар чиқарилувини давлат рўйхатидан ўтказадими?” – дея савол қўйган Отабек Бакиров.

Бозор ўз фаолиятини ихтиёрий тугатаётганлиги тўғрисидаги қарор 29 феврал куни қабул қилинган ва орадан 12 кун ўтиб эълон қилинган.

“Кичик хулоса қилганда, Қўйлиқ бозорининг апил-тапил тугатилиши барча белгиларига кўра акциядорларнинг ва бозор бошқарувчиларининг қарори эмас. Бу қип-қизил маъмурий босим остидаги ўзбилармонлик. Масалага жиддий ёндашилса, бир неча процедуралар бузилганини ҳам аниқлаш мумкин бўлади.

Яна қизиғи, юзлаб қарз ва кредитлар илинган ва банкротлик ёқасида бўлган ва зарар кўриб ишлаётган АЖлардан фарқли равишда Қўйлиқ бозори молиявий ҳолати жуда мустаҳкам бўлган, 43 млрд сўмдан ортиқ жами активларининг 99 фоиздан зиёд манбайи ўз капиталига таянган”, – дея ёзади эксперт.

Маълумот учун, “Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори” АЖ акцияларининг 93,2 фоизи Тошкент шаҳар ҳокимлиги, қолган 6,8 фоизи меҳнат жамоасига тегишли.

Қўйлиқ улгуржи бозори Тошкент шаҳрини озиқ-овқат билан таъминлашда муҳим ўрин тутади. Унинг ўрнида нима қурилиши маълум эмас.