Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский феврал ойи бошида бу лавозимга тайинланганидан буён илк батафсил интервюсини берди. У бошқа нарсалар қаторида украинларнинг сафарбарлиги, Авдийивкадан чекиниш, Россиянинг Харкивга юриш қилиши эҳтимоли ҳамда олдинги бош қўмондон Валерий Залужнийнинг истеъфоси бўйича фикрларини билдирди.

Афтидан, Олександр Сирскийнинг Укринформ» агентлигида эълон қилинган дебют интервюсининг асосий вазифаси мамлакат ичкарисидаги кўп миллионлик аудиторияни тинчлантириш ҳисобланади.

Бу интервю Россия қўшинларининг фронтдаги мунтазам ҳужумлари, уларнинг Харкивга юриш қилиш режалари ҳақидаги янгиликлар, сафарбарлик кучайтирилиши ҳақидаги гаплар ва Америка Конгресси Киевга етарли ёрдам ажратиш учун овоз бера олмаётгани фонида берилди.

Бу барча муаммолар фонида Сирский муҳим мессежни етказди: аслида қўрқинчли ҳеч нарса бўлмаяпти, Украина мағлубиятдан йироқ — қолаверса, Россияни жанг майдонида енгиш мумкин.

Украинлар фронтдаги вазиятдан хавотирдами? Сирский шундай жавоб қилди: «Вазият чиндан ҳам оғир, аммо фронтда бундан бошқача бўлмайди ҳам».

Унинг сўнгги вақтларда украинлар томонидан қайтариб олинган позициялар сони бой берилганларидан ошгани ҳақдаги сўзларини Володимир Зеленский Россия қўшинининг қишки юриши тўхтатилгани ҳақида яқинда билдирган баёноти билан биргаликда кўриб чиқиш керак.

Бундан ташқари, Сирский украин ҳарбий қўмондонлиги мақсадлари қаторида келгусидаги ҳужум ҳаракатлари учун захираларни тайёрлашни ҳам айтиб ўтган. Бунда ўтган йилги юришдан чиқарилган сабоқлар ҳисобга олиниши таъкидланган. «Агар россияликлар Харкивга ҳужум қилишга қарор қилса, бу шаҳар улар учун «ҳалокатли» бўлади», деган у.

Украина жамоатчилиги яқин вақтлар ичида бу ҳақдаги қонун Олий радада кўриб чиқилгач, ялпи сафарбарлик эълон қилинишидан хавфсирамоқдами? Сирский бу ўринда ҳам вазиятни юмшатган.

Биринчидан, ярим миллион эмас, анча камроқ одам фронтга юборилади. Иккинчидан, шу жавобнинг ўзи украинларнинг сафарбарлик борасидаги энг катта қўрқувларидан бирига жавоб - тайёргарлик кўрмаган янги чақирилганларни ҳеч ким ҳарбий комиссариатдан тўғри фронтга юбормайди.