Ўзбекистон | 15:07 / 09.03.2024
12323
12 дақиқада ўқилади

Марказий Осиёдаги кўҳна ҳаво қўналғаси – Тошкент аэропорти тарихи

Тошкент аэропорти йўловчи ўтказиш бўйича Марказий Осиёда Остона ва Олмаота аэропортларидан сўнг учинчи ўринда туради. Ўзбекистонда кўплаб авиакомпаниялар ташкил этилди, кўплаб хорижий давлатлар авиакомпанияларига мамлакатимизга парвоз қилишга рухсат бериляпти. Шу сабабли яқин келажакда Тошкент аэропорти йўловчи ўтказиш бўйича минтақада биринчи ўринга чиқиши тахмин қилинмоқда.

Фото: Транспорт вазирлиги

Ўзбекистон фуқаро авиацияси тарихи 1921 йилдан бошланади. Ўшанда Ашхобод-Керки-Термиз йўналишида илк бор йўловчи самолёти парвоз қилади. Кўп ўтмай Тошкентда аэродром қуриш ҳаракатлари бошланади.

1923 йил март ойида “Добролет” ихтиёрий ҳаво флотининг Бутунроссия жамияти ташкил этилади. Ўша йили август ойида жамиятнинг Ўрта Осиё бўлими тузилади ва Ўзбекистонда фуқаро авиациясини йўлга қўйиш ишлари бошланади.

Йирик шаҳарлар орасида ҳаво қатновларини йўлга қўйиш имкониятлари ўрганилиб, аэродромлар ташкил этиш учун жой танлаш ва учиш-қўниш йўлакларини ташкил этиш учун ишлар бошланади.

Ўша пайтда жуда катта ҳудудда жойлашган Марказий Осиё республикаларининг турли шаҳарлари фақат темирйўл тармоғи орқали боғланган, автомобил йўллари тармоғи йўқ эди.

Фуқаро авиацияси энг аввало раҳбарлар учун зарур эди. Чунки Тошкентдан Самарқанд, Бухоро, Ашхобод ёки Олмаотага машина қатнови йўқ, от ёки туяда ойлаб, темирйўл орқали ҳафталаб йўл босиш керак бўларди.

Қолаверса, ҳали жойларда совет ҳокимияти ўрнатилмагани учун республика раҳбарларининг карвон билан отда юриши ёки узоқ ҳудудларга поездда кетиши бирмунча хавфли эди. Ана шулар инобатга олиниб Тошкентда аэродром қуриш ишлари бошланади.

1923 йилнинг ёзида Москвадан юборилган мутахассислар томонидан Тошкент аэродромининг асосий ва захира майдонларини қуриш ишлари бошланади.

Тошкентдаги аэродром, 1920-йиллар иккинчи ярми

Шу билан бирга ҳарбий ҳаво кучларида хизмат қилиб келаётган баъзи учувчилар ва авиация мутахассислари “Добролет”га ўтказилади. Сўнг дастлабки олтита “Юнкерс” Тошкент авиация отрядига топширилади.

1924 йил 3-12 май кунлари Тошкент-Пишпек-Олмаота йўналиши бўйича аввал синов парвози ўтказилади. Кейин эса йўловчи ташиш парвозлари амалга оширилади.

Шу тариқа 12 май Ўзбекистонда фуқаро авиациясининг бошланиши сифатида тарихда қолади. Кўп ўтмай Тошкент-Бухоро-Хива-Тўрткўл, Тошкент-Бухоро-Қарши-Термиз қатновлари ҳам очилади.

Ўша пайтда Ўзбекистоннинг пойтахти Бухоро шаҳрида бўлгани учун “Добролет”нинг асосий базаси шу шаҳарда жойлашганди.

Кичик аэродромда “Совпич” ва “Фарман”, шунингдек хорижда ишлаб чиқарилган бир қанча самолётлар бор эди. Учувчилар жуда оғир шароитларда ишлашарди.

1924 йилнинг сентябр ойида Когон-Тошҳовуз-Хива йўналиши бўйича самолётларнинг доимий парвози йўлга қўйилади. Йил охиригача Ўзбекистондаги барча авиалиниялар орқали мингга яқин йўловчи, 200 км почта ва 5 тонна юк ташилади.

1924 йилда Бухоро аэродромида самолётларни таъмирлайдиган дастлабки устахона очилади. 1925 йилда парвозлар сони янада кўпаяди ва йўловчи ва юк ташиш ҳажми ҳам ошади.

Бу пайтга келиб Тошкентдаги аэродром ҳам ишлай бошлаганди. У ҳозирги аэропортнинг чап томонида жойлашган эди.

Тошкент аэропорти, 1930 йил

1930 йилга келиб йўловчи самолётлари анча такомиллашган, уларнинг йўловчи ташиш ва юк ортиб юриш имкониятлари ошган эди. Шунингдек, бироз мукаммаллашган самолётлар узоқ масофаларга парвоз қила бошлаганди.

Ўзбекистон авиация бошқармасининг энг яхши учувчилари ва авиация мутахассислари ПС-90, ПС-40 ва По-2 (У-2) самолётларида йўловчилар ва юкларни оммавий ташишни бошлайди.

Янги йўналишлар очилади, йўловчилар сони кўпаяди, хизмат кўрсатиш учун янги Ли-2, Ил-12, Ил-14 ва қишлоқ хўжалиги Ан-2 самолётлари олиб келинади.

Самолётлар Тошкентдан Душанбе, Тошҳовуз, Пишпек ва Олмаотадан ташқари республиканинг барча вилоят марказларига ва йирик шаҳарларига уча бошлайди.

Тошкент ва Москва ўртасидаги илк парвоз ҳам шу йили амалга оширилади. 1930 йил 8 август куни Москвадан учган самолёт Тошкентга келиб қўнади. Бу парвоз Харков шаҳрида ишлаб чиқарилган К-4 самолётида амалга оширилади. Масофа узоқлиги учун К-4 бир нечта шаҳарларга қўниб ўтади.

Кўп ўтмай Тошкент аэродромидан биринчи халқаро қатнов Афғонистон пойтахти Қобул шаҳрига амалга оширилади.

1931 йилда Тошкентда биринчи ўзбек учувчиси Абдусамат Тайметов учувчилар тайёрлаш мактабини очади. Орадан 2-3 йил ўтгач унинг биринчи ўқувчилари Москва, Чоржўй, Душанбе ва Ўш шаҳарларига парвоз қила бошлашади. Тайметовнинг шогирдлари орасида икки нафар қиз Башорат Мирбобоева ва Оқила Улаева ҳам бўлган.

Абдусамат Тайметов

1932 йилда Тошкентда Фуқаро авиациясининг Ўрта Осиё бошқармаси ташкил этилади. Шундан сўнг Тошкент аэродроми кенгайтирилиб, унга халқаро аэропорт мақоми берилади. 1932 йил Тошкент аэропорти ташкил этилган йил сифатида тарихда қолади.

1940 йилга келиб одам ташиш кўрсаткичи анча ошган, Тошкентдан Марказий Осиё шаҳарларига доимий парвозлар йўлга қўйилиб бўлган эди.

1941 йил ёзда немислар СССРга ҳужум қилгач мамлакат ғарбидаги кўплаб завод ва фабрикалар Ўзбекистонга кўчирила бошланади. Улар орасида Москва вилоятида жойлашган Химки шаҳарчасидаги авиация заводи ҳам бор эди.

Тошкентдаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси ташкил этилгач, унга В.Чкалов номи берилади ва бу ерда фронт учун ҳарбий самолётлар ишлаб чиқарила бошланади.

Ўша пайтда Фуқаро авиацияси Ўрта Осиё бошқармасининг аксарият учувчилари фронтга жалб қилинади. Фақат зарур қатновларда хизмат қилаётган учувчилар олиб қолинади.

Фронтга жалб қилинганлар орасида Абдусамат Тайметов ҳам бор эди. 1945 йилда Германиянинг сўзсиз таслим бўлгани ҳақидаги актни айнан у Берлиндан Москвага етказиб келган эди.

1943 йилда урушда туб бурилиш бўлиб, немислар чекина бошлагач Тошкентдаги авиация заводига фуқаро авиацияси учун самолёт тайёрлаш ҳам йўлга қўйилади.

Тошкентдаги авиация заводида фронт учун самолёт.

Урушдан сўнг

1946 йилда СССРда анча замонавий ҳисобланган Ан-12 самолёти ишлаб чиқарилади. Бу самолёт 4 минг от кучига эга бўлган тўртта двигател билан жиҳозланган бўлиб, у соатига 600 км тезликда уча оларди.

1946 йилда ана шу Ан-12 самолёти илк марта 2 820 км узунликда бўлган Москва-Тошкент йўналишида тўхтамасдан учиб боришга муваффақ бўлади. 1947 йилда Ан-12 самолётларидан Тошкентдаги бошқармага ҳам берилади ва улар йўловчи таший бошлайди.

1950-йилларда Тошкентдаги авиация заводида анча замонавий бўлган Ил-14 самолётлари ишлаб чиқарилади. Бу самолёт хорижий қатновларга ҳам қўйилади. Шундан сўнг Тошкент аэропорти Ўрта Осиёдаги асосий хабга айланади.

Москвадан Жанубий-Шарқий Осиёга учаётган самолётлар Тошкентда қўниб ўтарди. Шунингдек, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Виетнам, Лаос каби давлатларга парвозлар бошланади.

Ўзбекистонда фуқаро авиацияси ривожланиб борар экан, 1950-йиллар бошида Самарқандда ҳам алоҳида авиация ўқув-машқ отряди ташкил этилади.

Кейинроқ эса Ўзбекистон фуқаро авиацияси бошқармаси таркибида Тошкент авиаотрядидан сўнг иккинчи бўлиб Самарқанд авиаотряди ҳам ташкил этилади. Шундан сўнг кўҳна шаҳардан ҳам собиқ иттифоқнинг кўплаб шаҳарларига доимий қатновлар йўлга қўйилади.

1950-йиллардан бошлаб фуқаро авиацияси янги босқичга кўтарилади. Турбореактив двигателлар билан жиҳозланган Ту-104 ва парракли Ил-18 самолётлари келтирилади ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш жорий қилинади.

Тошкент аэропорти, 1960-йиллар.

Тошкент аэропорти захирасида биринчи вертолётлар Ми-1, Ми-4 ва Ка-26 пайдо бўлади.

1958 йилда Тошкент аэропорти 1-синфга кирувчи халқаро аэропорт мақомини олади. Орадан 2 йил ўтгач Ўзбекистон фуқаро авиация бошқармаси янада замонавий бўлган Ил-18 самолётларидан фойдалана бошлайди.

1960-йилларда фуқаро авиацияси Ўзбекистон бошқармасига Ан-24, Як-40, Ил-62, Ту-134, Ту-154 ва бошқа самолётлар берилади. Уларга хизмат кўрсатиш жорий қилинади.

Натижада Тошкент аэропортидан Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург), Новосибирск, Свердловск (ҳозирги Екатеринбург), Челябинск ва Симферополга, шунингдек Болтиқбўйи республикаларига, Кавказга ҳамда Узоқ Шарқдаги шаҳарларга тўғридан тўғри қатновлар йўлга қўйилади.

1965 йилда Тошкентда Ан-22 номли самолётни ишлаб чиқариш бошланади. Бу самолётнинг узунлиги 58 метр, қанотларининг узунлиги 64 метр бўлиб, унга ҳар бири 12 минг от кучи бўлган тўртта двигател ўрнатилган эди.

Самолёт ана шу двигателлар ёрдамида 60 тонна юкни 5 500 км масофага тўхтамасдан учиб етказиб бора оларди.

Айтганча, СССРда ишлаб чиқарилган илк товушдан тез учувчи Ту-144 самолётининг дастлабки расмий қатнови Москва-Тошкент-Москва йўналишида амалга оширилганди.

Товушдан тез учувчи Ту-144 самолёти Тошкент аэропортида. 1970-йиллар бошлари.

Бу самолёт товушдан тез учгани учун унинг қўниши учун узун учиш-қўниш йўлаги керак бўларди. Тошкент аэропорти бу талабларга жавоб берарди.

Ўшанда Ту-144 соатига 2 500 км тезликда парвоз қилиб, Москва ва Тошкент орасидаги масофани 1 соат 50 минутда учиб ўтганди.

Афсуски двигателларининг техник жиҳатдан мукаммал эмаслиги туфайли Ту-144 самолётларининг парвози тез орада тўхтатилади. Қолаверса, СССРдаги жуда кўплаб аэропортларнинг учиш-қўниш йўлаги қисқа эди ва Ту-144 лар қўна олмасди.

1970-йилларда Тошкентдаги авиация бирлашмаси Ил-76 транспорт самолётларини ишлаб чиқара бошлайди ва Тошкент аэропорти бу турдаги самолётлар учун асосий база бўлиб қолади.

1970-1980-йилларда Ўзбекистонда фуқаро авиацияси жадал ривожланишда давом этади. Республикада бир нечта юқори самарали навигация воситалари ва алоқа воситалари билан жиҳозланган йирик аэропорт ва мажмуалар қурилади.

Жумладан, Тошкент аэропортининг янги биноси (у ҳозир ҳам хизмат кўрсатишда давом этмоқда) ўша йилларда қурилади.

Шунингдек, Тошкент аэропорти ходимлари ва мутахассислар Москвадан сўнг иккинчи бўлиб кенг фюзеляжли Ил-86 йўловчи ташиш самолётини ердан бошқаришни ўзлаштиради.

Тошкент аэропортининг ҳозирги биноси 1970-1980-йилларда қурилган

Мустақилликдан сўнг

1991 йилда Ўзбекистон мустақил бўлгач, орадан беш ой ўтиб, 1992 йил 28 январда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ташкил этилади.

Мустақилликдан кейин илк халқаро қатнов (собиқ иттифоқ республикаларидан ташқари) 1992 йилда Ил-62 самолёти билан Лондонга амалга оширилади.

Шундан сўнг Европа ва Америкада ишлаб чиқариладиган Airbus ва Boeing самолётлари ҳам харид қилинади. Илк Airbus А-310 1993 йилда, биринчи Boeing 1996 йилда харид қилинади.

Кўп ўтмай Airbus ва Boeing самолётларини бошқариш учун мутахассислар тайёрлана бошланади. Бундан ташқари, бу икки турдаги самолётларга техник хизмат кўрсатиш ташкил этилади.

Бугун Тошкент аэропортидан дунёнинг кўплаб шаҳарларига парвозлар амалга оширилади. Шунингдек, аэропорт мутахассислари чартер рейсларни ҳисобга олган ҳолда, Осиё ва Европа мамлакатларига парвозларни амалга оширувчи самолётларга хизмат кўрсатади.

Жаҳон амалиётида биринчи марта республика ҳудудидан ташқарида ҳаво кемаларини авариясиз ишлатиш ва техник хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилади.

Тошкент аэропортининг ҳозирги кўриниши. Фото: Транспорт вазирлиги

1990-йилларнинг ўрталаридан бошлаб хорижий компаниялар билан ҳамкорликда Тошкент аэропортида таъмирлаш ишлари олиб борилади. Бунда учиш-қўниш йўлаклари таъмирланади.

Шунингдек, аэропортга “Сименс” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган энг янги ёруғлик сигналли қўниш тизими ўрнатилади. Бунинг натижасида аэропорт иккинчи ИКАО тоифасини олади.

Бундан бир неча йиллар аввал Тошкент аэропортида янги терминал қурилади. Тошкент-3 номи берилган бу терминал асосан маҳаллий қатновлар учун хизмат қилади.

2023 йил кузда Тошкент аэропортини реконструкция қилиш ишлари бошланди. Ишлар 2025 йилнинг охиригача давом этиши ва аэропорт бутунлай янги қиёфага келтирилиши айтилди.

Маълумот учун, 2023 йилнинг биринчи ярмида Тошкент аэропортида йўловчи ўтказиш қарийб 40 фоизга ошган ва 3 миллион кишини ташкил этганди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид