Орскда икки тўғон бузилиши 

Россия ФВВ аномал сув тошқинлари туфайли Россиянинг 39 регионида 10 мингдан ортиқ уйни сув босгани ҳақида маълум қилган. Аммо энг оғир вазият — Оренбург областида кузатилмоқда, бу ерда Орскдаги икки тўғон бузилган

Орскдаги тўғон қурилиши 2010 йилда бошланган, объект 2014 йилда фойдаланишга топширилган. Тўғон шаҳарни айнан кучли сув тошқинларидан ҳимоялаш учун керак эди, бу ерда олдин ҳам уйлар сув остида қолганди. «Агентство» нашри аниқлик киритишича, тўғон қурилиши 910 миллион рублга тушган. Орскнинг ўша вақтдаги раҳбари Виктор Франц тўғон «бундан буён сув тошқинлари вақтида сув босиши хавфини бутунлай аритиши»ни маълум қилганди. 

«Бу йилги сув тошқини — тўғон мустаҳкамлиги учун илк ва жиддий синовдир», — дея ёзганди шаҳарнинг ҳозирги мэри Василий Козупица тўғон бузилишидан икки кун олдин. 

Кучли сув тошқини туфайли биринчи тўғон бузилиши 5 апрел куни кечқурун Урал дарёсининг чап соҳилида рўй берди — Орскнинг Эски шаҳар ҳудуди сув остида қолди. Тўғон бузилишигача ушбу ҳудуддан уч мингга яқин киши кўчирилганди, 6 апрел тонгига келиб яна 700 дан ортиқ киши хавфсиз ҳудудларга кўчирилди. Икки мингдан ортиқ уй сув остида қолганди. 6 апрел куни Орск мэри шаҳарни сув икки-уч ҳафтагача тарк этмаслигини маълум қилди. 

Шанба куни Тергов қўмитаси Орскдаги тўғон қурилишида хавфсизлик қоидалари бузилиши ва ишга совуққонлик билан қараш моддалари бўйича жиноий иш очди. Маҳаллий прокуратура тўғон ёрилиши «гидротехник иншоотни белгиланган ҳолатда сақлашга қаратилган чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширилмагани» туфайли содир бўлганини билдирган. 

Шаҳар расмийлари Урал дарёсида сув сатҳи тўғоннинг лойиҳавий даражасидан 4 метрга кўтарилганини маълум қилишган: тўғон дарёдаги сув сатҳи 5,5 метр бўлишига мўлжалланган, сув эса тошқин туфайли 9,6 метргача кўтарилган. 

Орск аҳолиси вакиллари одамлар зудлик билан дўконлардаги ичимлик сувларини йиғиштириб кетганини айтишган, аммо расмийлар Орскда ичимлик суви муаммоси йўқлигини билдирган. 

Фото: Yegor Aleyev/TASS

6 апрел куни кечқурун ҳам сув кўпайишда давом этди, шаҳар атрофидаги яна бир неча посёлкани сув босиши хавфи ҳақида хабарлар тарқалди. Биринчи тўғон бузилишидан қарийб бир кун ўтиб иккинчи тўғон ҳам бузилиб кетган. Бу сафар Урал дарёсининг ўнг соҳилини сув боса бошлаган — бундан Рабочий ва Никел посёлкалари жабрланган, зудлик билан аҳолини эвакуация қилиш ишлари бошланган.