Шаҳар расмийларига кўра, 10 апрел куни Оренбург ҳудудида Уралдаги сув сатҳи минг сантиметрдан ошган. Ундан олдинги кунда бу ҳудудда сув сатҳи қарийб бир метрга кўтарилганди.

Гидрологлар яқин кунларда Оренбург ҳудудида Урал суви кунига 30-70 сантиметрдан ошишини прогноз қилмоқда.

Урал ирмоқларидан бири Сакмара дарёсида сув сатҳи 813 сантиметрга етган, 870 сантиметр хавфли нуқта ҳисобланади.

Оренбургда сув босган ҳудуд. MAXAR сунъий йўлдош тасвири

Ўтган кун давомида Оренбургда 300 дан ортиқ уй сув остида қолган, яна 200 тасини яқин вақтлар ичида сув босиши мумкин, деб хабар берган шаҳар раҳбарининг биринчи ўринбосари Алексей Кудинов. Оренбургда ва унинг атрофида жами 2,5 минг атрофида томорқа ва 2 минг атрофида уйларни сув босган.

Красная кўчаси, Оренбург
Фото: ALEEV EGOR/TASS

Аввалроқ Оренбург области губернатори Денис Паслер Оренбург шаҳрида уйлари сув босиш хавфи остида бўлган аҳоли вакилларини эвакуация бўлишга чақирганди. У Урал ва Сакмара дарёси бўйидаги ҳудудларни сув босиш хавфи остидаги ҳудудлар сифатида келтирганди.

Оренбург шаҳри ва шу номли районда сув босиб бўлган ҳудудлар аҳолисини эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Булар асосан дала ҳовлилардан иборат посёлкалардир.

Ҳудудда жами 865 киши эвакуация қилинган, 58 киши, жумладан 22 нафар бола вақтинча жойлаштириш марказларига олиб келинган.

«Оренбург Медиа» телеграм-канали маълумотига кўра, 10 апрел тонгида бир соат ичида Дубки посёлкасидан 30 киши эвакуация қилинган. Яна 13 кишини қутқарувчилар Дубовий плес посёлкасидан олиб чиқишган, аввалроқ бу ҳудуд аҳолиси эвакуациядан бош тортганди.

Уралская кўчаси, Оренбург
Фото: ALEEV EGOR/TASS