Эрон 14 апрелга ўтар кечаси Исроилга 120 та баллистик, 30 та қанотли ракеталар, шунингдек 170 дан ортиқ дронлар қўллаган ҳолда ҳужум уюштирган, деб хабар берди Исроил мудофаа армияси расмийси Даниэл Ҳагари. Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бошқа мамлакатлар, жумладан АҚШ ва Иордания ёрдамида ҳаводаги нишонларнинг қарийб 99 фоиз қисмини тўхтатиб қолган. Ҳагарининг тасдиқлашича, Эрон учирган 30 дан ортиқ қанотли ракеталардан 25 таси Исроил ҳудудига киришидан олдин уриб туширилган, дронлардан ҳеч бири Исроил ҳудудигача етиб кела олмаган. ЦАҲАЛ вакилининг сўзларига кўра, 120 дан ортиқ баллистик ракеталардан «атиги бир нечтаси» Исроаил ҳудудига етиб келган, у мамлакат ҳаво чегарасини бузиб ўтган бундай ракеталар сонига аниқлик киритмаган.

Ҳужум беш соатдан ортиқроқ вақт давом этган. Эрон ҳужуми вақтида Исроил шимоли ва жанубида, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ғарбида ҳамда Иордания билан чегара яқинидаги Негев саҳросини ўз ичига олувчи Ўлик денгиз ҳудудида ҳаво тревогалари янграб турган. Исроил мудофаа армияси Сурия ва Ливия билан чегара яқинидаги Жўлан тепаликлари, шунингдек жанубдаги Неватим, Димона ва Эйлат шаҳарлари аҳолисидан бошпаналардан чиқмасликни талаб қилган. Димонада Исроилнинг асосий ядровий объекти, Неватимда — йирик авиабаза жойлашган. Ҳужум вақтида Қуддусда ҳам портлаш овозлари эшитилди, ижтимоий тармоқларда «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Қуддуснинг эски шаҳар қисмидаги Ибодатхона тоғи ҳудудида ишлаётгани акс этган кадрлар тарқалди.

Эроннинг ракета ҳужуми оқибатида Негев саҳросидаги Неватим авиабазаси бироз шикастланган, деб хабар қилган Даниэл Ҳагари. «Эрон базани сафдан чиқариш ва бу орқали бизнинг ҳаводаги салоҳиятимизни кучсизлантиришга умид қилганди, аммо бунга эриша олмади. Ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари ҳужум ва мудофаа амалиётларини бажариш учун базадан фойдаланишда давом этмоқда», — деган Ҳагари.

Тахминларга кўра, 1 апрел куни Эроннинг Дамашқдаги дипломатик миссиясига ҳужум қилган самолётлар ушбу авиабазадан парвоз қилганди, ўшанда Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етти зобити, жумладан икки генерал ҳалок бўлганди. Эрон айнан ўша ҳужумга жавобан Исроилга ҳужум уюштирди.

Эроннинг деярли барча ракеталари ҳали узоқдалигида, Сурия ва Иордания ҳудудларида, жумладан ушбу мамлакатлар пойтахтлари Дамашқ ва Оман ҳудудида уриб туширилган. Иордания ўз ҳаво кенгликларини Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари фойдаланиши учун очган. Исроил мудофаа армияси маълумотига кўра, Эрондан ташқари Ироқ ва Яман ҳудудидан ҳам ракеталар учирилган, аммо уларнинг ҳеч бири Исроил чегарасидан ўтмагани айтилган. Ливан пойтахти Байрут шаҳри ва бошқа шаҳарлар аҳолиси осмонда ракеталарни кўргани ва портлашларни эшитгани ҳақида хабар қилган, бу катта эҳтимол билан ракеталар ва дронлар тутиб олиниши вақтида рўй берган. Қароргоҳи Лондонда жойлашган «Сурия инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш маркази» хабар қилишича, Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Исроил ва иттифоқчилари Эрон ракеталарини тутиб олиши жараёнига тўсқинлик қилишга уринган.