Эрон ўзининг асосий душмани бўлган Исроилга тарихдаги илк тўғридан тўғри зарбаси муваффақиятли қайтарилди. Ярим йил муқаддам Ҳамас ҳужумини ўтказиб юборган Исроил ҳукумати бу сафарги зарбага тайёр бўлиб чиқди ва иттифоқчилари кўмагида нисбатан жиддийроқ рақибининг юзлаб дронлари, баллистик ва қанотли ракеталарини уриб тушира олди.

BBC шарҳловчилари Павел Аксенов ва Григор Атанесян шанба оқшомида Яқин Шарқ осмонида нималар рўй бергани ва бу Ғарбнинг Исроилни қўллашига, араб дунёси позициясига ва Ғазодаги урушнинг давомига қандай таъсир кўрсатишини таҳлил қилди.

«Ал-Ақсо осмонида ракеталар»: натижалар ҳақида томонлар нима дейишди?

Эроннинг Исроилга 13 апрел кунги ҳужуми Ислом республикасининг Дамашқдаги консуллигига берилган авиазарбага жавоб бўлди, Теҳрон авиазарбада Исроилни айблаганди. Исроил ҳукумати ўз анъанасига кўра бундай амалиётлардаги иштирокини тасдиқламайди ва рад этмайди.

Якшанба куни 300 дан ортиқ дронлар ва ракеталар Эрондан, Исроил томон учирилди, шунингдек унинг Ироқ, Сурия ва Ямандаги иттифоқчилари базаларидан ҳам ҳужум амалга оширилди.

Исроиллик ва америкалик ҳарийлар ҳаводаги нишонларнинг 99 фоизи уриб туширилганини айтган. Бунда Исроилга АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Иордания ҳарбийлари ёрдам кўрсатган.

Кейинроқ ЦАҲАЛ расмийси, генерал Питер Лернер ҳужумда 170 та пилотсиз учиш аппаратлари, 30 та қанотли ракеталар ва 120 та баллистик ракетадан фойдаланилганини маълум қилди. Баллистик ракеталардан бир нечтаси Исроил жанубидаги Неватим авиабазасига етиб келган, аммо жиддий шикаст етказа олмаган ва ҳарбий объект фаолиятини давом эттирмоқда, деган Лернер.

Тинч аҳоли орасида ҳам жиддий талафотлар йўқ, фақат бир қиз яралангани ҳақида маълум қилинган.

Исроил маълумотига кўра, ракета парчалари Арад шаҳри атрофида бир қизни яралаган. Фото: Reuters

Бу ҳужум Россия армиясининг Украина бўйлаб берадиган зарбаларига ўхшаб кетади. Бу ҳам ёпирилма ҳужум бўлиб, унда турли воситалар, пилотсиз қурилмалар, қанотли ва баллистик ракеталар бирданига қўлланади. Бундан мақсад ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини турли нишонларга қарши курашишга мажбурлаб, максимал даражада банд қилишдир. Россиянинг иттифоқчиси саналган Эрон бундай зарбалардан сабоқ олгани кўриниб турибди.