Beeline Uzbekistan бош директори Анджей Малиновски EUROUZ бизнес-нонуштасида ўз тажрибаси ва билими билан ўртоқлашди. Тадбир Ўзбекистонга хорижий инвестициялар соҳасида фикр ва истиқболлар алмашиш учун майдонга айланди.

Beeline Uzbekistan бош директори Анджей Малиновски Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасидаги муҳим тадбирлардан бири – EUROUZ бизнес-нонуштасида иштирок этди. 3 май куни Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси (EUROUZ) томонидан ташкил этилган йиғилишда Ўзбекистонда фаолият юритаётган ҳамда мамлакатдаги сармоявий имкониятларни кўриб чиқаётган Европа компаниялари раҳбарлари йиғилди. Бизнес-нонуштани Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан очди.

Анджей Малиновски ўз нутқида Beeline Uzbekistan бозорда 18 йиллик фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси ҳақида гапирди. Бугунги кунда digital-оператор 8 миллиондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатиб, 2 мингга яқин аҳолини иш билан таъминламоқда. Beeline Uzbekistan Ўзбекистондаги мобил алоқа соҳасидаги энг йирик солиқ тўловчи ҳисобланади: компаниянинг республика бюджетига солиқ тўловлари 2 миллиард доллардан зиёд. Компаниянинг Ўзбекистонга киритган сармоялари аллақачон 1,5 миллиард доллардан ошган ва бу кўрсаткич ўсишда давом этмоқда.
Шунингдек, Beeline Uzbekistan мамлакатдаги технологик инновациялар бўйича етакчилардан бўлиб, 4G технологияси билан аҳолини қамраб олиш бўйича етакчи ҳисобланади. Компания IT Park’нинг фаол резиденти бўлиб, Тошкент халқаро таълим университети (TIUE) билан ҳамкорликда яратилган Beeline Academy каби қатор ижтимоий ташаббусларни амалга оширади. Beeline Uzbekistan профессионал аёллар учун тенг имкониятлар яратиш, шунингдек, замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда маҳаллий таълимни ривожлантириш учун маблағ ва куч сарфлайди.
«Биз EUROUZ’нинг Premium аъзоси бўлганимиздан мамнунмиз. Бу бизга Ўзбекистонни ривожлантиришда, жумладан, хорижий инвестицияларни жалб қилиш соҳасида янада фаолроқ иштирок этиш ва тажрибамизни бошқа компаниялар билан бўлишишга имкон беради. Ишонамизки, биз биргаликда Ўзбекистонни бизнесни ривожлантириш учун янада жозибадор жойга айлантира оламиз», — дея хулоса қилди Beeline Uzbekistan бош директори.













