Молдова президенти Майя Санду россиялик журналист Юрий Дудга икки соатлик интервю берди. Журналистнинг сўзларига кўра, у «вДудь» ютуб-шоуси тарихида илк бор давлат раҳбари билан мулоқот қилди. Бу сон Кишинёвда ёзиб олинган. Санду Дуд билан рус тилида мулоқот қилган. Президент Молдова қандай қилиб коррупциянинг олдини олиш ва Евроиттифоққа киришга уринаётгани, мамлакат нима учун қашшоқлигича қолаётгани ва нима учун бу ерда ўнлаб нашрлар блоклангани ҳақида гапирди. Шунингдек, Санду Владимир Путин ва у Украинада бошлаган уруш тўғрисидаги фикрлари билан бўлишиб, Россия ҳужум қилган тақдирда Молдова ўзини қанчалик ҳимоя қила олиши тўғрисидаги саволга ҳам жавоб қайтарган. Қуйида интервюнинг асосий жойлари келтирилади.

Молдоваликлар Россия ва Украина урушида кимни қўллайди?

Бутун жамиятимиз украин қочқинларига ёрдам кўрсатди. Мен сизларга эслатишни истардимки, бир миллион украиналик қочқинлар Молдова орқали ўтишди. Бу 2,6 миллионлик [аҳолига эга] мамлакат учун жуда кўп. Айримлар бир неча кун қолишди, айримлар бир неча ҳафта ёки бир неча ой. Ҳозирда бизда 100 минг атрофида украин қочқинлари бор. Мен айтишмни истардимки, ҳеч қандай савол бўлмади, аксинча, одамлар ўз қалби ва уйларини очиб берди, чунки давлат бунча кўп одамга ёрдам бера олмасди. Шунчаки бизда бундай имконият йўқ эди, гарчи урушнинг илк ойларида ҳукуматнинг бир қисми фақат украин қочқинларига ёрдам кўрсатиш устида ишлаган бўлса ҳам.

Аммо бизга кириб келган қочқинларни танимаган оддий одамлар уларни ўз уйларида яшашга таклиф этишди. Ва сизга айтишни истардимки, мутлақо бутун жамият украин қочқинларига ёрдам кўрсатишда иштирок этди. Шундай экан, бу саволга ҳожат йўқ. Бу борада мамлакатимиз якдил.

Молдоваликлар — тинч одамлар ва одамларнинг мутлақ кўпчилиги урушга қарши. Ҳа, сиз Кремл пропагандасига ишонадиган одамлар ҳам топилишини айтишингиз мумкин, аммо Молдова — тинч мамлакат, молдаванлар тинчлик исташади, улар уруш истамайди ва бу бизга мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни сақлашга ёрдам беради.

Агар Россия бостириб кирса, Молдова ҳимояланадими?

Бу рўй бермаслиги учун барча ишни қиламиз, жумладан евроинтеграция бўйича режамиз бор. Бу, биринчидан, хавфсизликни таъминлаш режаси, чунки Европа иттифоқи — тинчлик лойиҳаси. Аммо Конституция бўйича тинчликни сақлаш ва фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш учун биз барча ишни амалга оширишимиз керак, чунки бизда армия бор, мудофаа сектори бор, шунинг учун бу соҳаларга инвестициялар киритамиз. Аммо биз жуда умид қиламизки, бу уруш тезда тугайди ва биз ўз инвестицияларимизни иқтисодиётга ва бошқа соҳаларга йўналтира оламиз, мудофаага янада кўпроқ инвестиция киритиш зарур бўлган вазиятга тушиб қолмаймиз. Биз албатта ўз мамлакатимизни ҳимоя қиламиз.