Ўзбекистон ҳукумати яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган режаларни ишлаб чиқди. Бу режалар қаторига киритилган, Солиқ қўмитасига қўшимча ваколатлар бериш ҳақидаги нормалар жамоатчилик эътирозларига сабаб бўляпти. Тегишли қарор лойиҳаси танқидлардан кейин очиқ муҳокамага қўйиладиган бўлди.
Kun.uz бу лойиҳанинг аксарият бандларига қарши чиққан Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши аъзолари – солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов ва тадбиркор Фахриддин Илёсов билан суҳбатлашиб, эътирозлар нимадан иборат бўлаётганига қизиқди.
– Лойиҳада корхонанинг устав фондини ошириш учун йўналтирилган маблағлар манбасини очиқлаш талаб этиляпти. Бу борада қандай муҳокамалар бўлди?
Мурод Муҳаммаджонов: Устав фондини ошириш учун йўналтирилган товар-моддий бойликларнинг 10 кун ичида келиб чиқиш асоси ва ҳужжатлар солиқ органига мажбурий тақдим этилмаса, устав фондини оширган шахсга нисбатан даромад солиғи, корхонага нисбатан фойда солиғи ҳисоблансин деган норма қўйиляпти. Амалиётда солиқчилар шу нарсани қилиб турган эди ва бу ноқонуний эди, судларда бу нарса исботланиб, кўплаб солиқ текширувларида айрим солиқчилар асоси йўқ экан деб туриб, даромад солиғи, устав фонди оширилмаган экан деб фойда солиғи ҳисоблаб турганди, бу ҳаракатлар суд томонидан ноқонуний деб топилаётган эди. Энди шуни қонунийлаштириш учун лойиҳага киритишяпти.
Президентимиз ўзи ҳам инвестиция қиламан деб турган одамдан келиб чиқиш манбасини сўраманглар, у қанча хоҳласа, шунча инвестиция қилсин деган эди. Бу шу нарсага қарши бўляпти. Инвестиция учун солиқ бўляпти.
Мақсадимиз – хуфиёнани оққа олиб кириш бўлса, кўчада қорабозорда ҳамма биладиган карголар орқали чегарадан кириб келаётган товарни мен нақд пулга сотиб олдим, ўшани олиб келиб расман сотмоқчиман. Хуфиёнадагини қонуний бозорга олиб кирсам, пулни қаердан олдинг дейди. Қаердан олганингни айтмасанг, 12 фоиз фойда солиғини тўлайсан, дейишяпти. Хуфиёнани оққа олиб кирганим учун солиқ тўлайманми? Бу хуфиёна иқтисодиётга қарши курашми ёки уни қўллаб-қувватлашми? Хуфиёнани оққа олиб кирсам, мен 12 фоиз, корхона 15 фоиз фойда солиғини тўлаши керак. Шу пайтгача бу ҳаракатлар судлар томонидан ноқонуний деб топиб келинган.














