15 май куни Тошкентда 31-Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан «Фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва ҳимоя қилишда оммавий ахборот воситалари ҳамда журналистларнинг ўрни» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё бўйича минтақавий бюросининг инсон ҳуқуқлари бўйича ходими Павел Биалик, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси дипломатик бўлими раҳбари Александр Шерер, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Лола Раҳмонбоева, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) бошқарма бошлиғи Марат Аитов, Aral Wetlands лойиҳасининг 4-компоненти раҳбари Мурод Насиров, экологлар, ОАВ вакиллари ва бошқалар иштирок этди.
Семинар давомида Ўзбекистондаги асосий экологик муаммолар, бу муаммоларни ёритишда юзага келадиган қийинчиликлар, бу борада ҳукуматнинг фуқаролик жамияти билан янада самарали ҳамкорлик қилиши каби масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирда нутқ сўзлаган Акмал Саидов президент Шавкат Мизиёев раҳнамолигида экология соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни алоҳида таъкидлади. Хусусан, Бутунжаҳон экологик хартияси қабул қилиниши, «Яшил макон» миллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт кўчати экилиши, БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини «экологик инновациялар ва технологиялар зонаси» деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюциясининг қабул қилиниши ва бошқа ислоҳотларни қайд этди.
Шунингдек, 2023 йил июл ойида қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясининг янги моддалари ҳам алоҳида таъкидланди. Хусусан, 49-моддада ҳар бир фуқаронинг қулай атроф-муҳит ва унинг ҳолати тўғрисида ишончли маълумот олиш ҳуқуқи мустаҳкамланган, 61-моддага кўра эса ҳар бир фуқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилишга мажбурдир. Яшил иқтисодиётга ўтиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳукуматнинг устувор йўналиши деб эълон қилингани алоҳида таъкидланди.
«Бугунги кунда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда сувни тежовчи ва энергосамарадор технологияларни татбиқ этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, экологик тоза транспортлар сонини ошириш ва яшил майдонларни кўпайтириш орқали «яшил ўсиш» тамойиллари интеграцияси устида иш олиб бормоқда, — деди Лола Раҳмонбоева. — Шу билан бирга, биз оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда экологик муаммолар муҳокамасига жамоатчиликни кенг жалб қиляпмиз. Бу аҳолининг экологик билимларини ва уларнинг атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ муаммолардан хабардорлигини оширишга хизмат қилади».










