10:54 / 11.06.2024
7821

АҚШ чегарачиларига ўзбекистонлик ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш буюрилди

Ўзбекистон, Россия, Гуржистон, Молдова, Қирғизистон ва Тожикистондан келган ноқонуний мигрантлар Калифорния чегарачилари томонидан зудлик билан депортация қилиниши керак, деб ёзади NYP. Бошқа ноқонуний муҳожирларга Қўшма Штатларга киришга рухсат берилиши мумкин, аммо улар бошпана сўраб мурожаат қила олмайди.

Фото: Fox News

Калифорниядаги чегара ходимларига Ўзбекистон, Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Гуржистон ва Молдовадан келган ҳужжатсиз муҳожирларни зудлик билан депортация қилиш буюрилди, деб хабар бермоқда Fox News ва The New York Post (NYP) чегара хизмати агентларига юборилган эслатмага таяниб. 

Ҳужжатда айтилишича, чегарани ноқонуний кесиб ўтаётган бошқалар АҚШда суд тайинланганидан кейин озод қилиниши мумкин, аммо улар бошпана сўраб мурожаат қила олмайди. Бу ҳақда NYP’га чегара хизматидаги манба маълум қилди.

Божхона ва чегараларни ҳимоя қилиш хизмати Fox News телеканалига буйруқ фақат Сан-Диего секторига тегишли эканлигини тасдиқлади, у ҳозирда ноқонуний миграция учун энг гавжум ҳудуд ҳисобланади. 

NYP маълумотларига кўра, ўз мамлакатига, шу жумладан Мексика ва Қўшма Штатлар билан депортация бўйича келишувга эга бўлган бошқа давлатларга қайтарилишидан «ўринли қўрқуви» бор деб топилганлар ҳам суд санаси белгиланиши билан озод қилиниши мумкин. Бироқ, уларга ҳам бошпана сўрашга рухсат берилмайди. 

Байден Мексика чегарасида ноқонуний муҳожирларга бошпана беришга тақиқ жорий қилди 

Ушбу кўрсатмалар АҚШ президенти Жо Байденнинг ноқонуний мигрантлар штатлардан бошпана сўрашини тақиқловчи фармони фонида келиб тушган. Ҳужжатга кўра, улар ўз мамлакатларига тезкорлик билан депортация қилинади. Ушбу чора АҚШ-Мексика чегарасини ноқонуний кесиб ўтган муҳожирларнинг ўртача сони кунига 1500 кишидан камайгунига қадар кучда қолади. 

Ҳужжатда ёши катталар орасида ҳамроҳи бўлмаган мигрант болалар, соғлиғи ёки хавфсизлиги жиддий таҳдид остида бўлган кишилар ва одам савдоси қурбонлари учун истиснолар назарда тутилган, деб хабар берди Reuters. 

NYP чегара патрул хизмати маълумотларига таяниб ёзишича, ўтган дам олиш кунлари жанубий чегарани 10 мингдан ортиқ муҳожир кесиб ўтгани қайд этилган. 

Top