12:34 / 17.06.2024
3565

Йеллен: Украинани қўллаб-қувватлаш учун Россия активларидан фойдаланиш қонунийдир

Ғарбда музлатилган Россия активларидан тушган маблағларни Украинани қўллаб-қувватлаш учун ишлатиш уларнинг ноқонуний мусодарасини англатмайди, деди АҚШ молия вазири Жанет Йеллен. Унинг сўзларига кўра, Россия ҳозир бу даромадларга эгалик қилиш ҳуқуқига эга эмас.

Фото: AP / Manuel Balce Ceneta

Ғарбда музлатиб қўйилган Россия активларидан тушган маблағларни Украинани қўллаб-қувватлаш учун ишлатиш пулларни ноқонуний олиб қўйишни англатмайди, дея маълум қилди 16 июн, якшанба куни АҚШ молия вазири Жанет Йеллен. Шу тариқа, у G7’нинг Киевга ушбу даромадлар ҳисобидан 50 миллиард доллар ажратиш ҳақидаги қарори танқидига жавоб берди. 

Йеллен таъкидлашича, Россия Федерацияси Марказий банкининг Ғарб мамлакатларида музлатилган активлари дахлсиз қолади – гап 260 миллиард евро ҳақида кетмоқда, уларнинг катта қисми Euroclear Европа депозитарийсида сақланади. Бироқ, Россия ҳар йили 2,5 евродан 3,5 миллиард евро миқдорида келиб тушадиган ушбу маблағлардан фоизни инвестиция қилиш ҳуқуқига эга эмас, деди АҚШ молия вазирлиги раҳбари. «Демак, бу ерда ҳеч қандай ҳуқуқий муаммо йўқ», деб унинг сўзларидан иқтибос келтиради dpa агентлиги. 

13 июн куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги музлатилган Россия активларидан Украинага ёрдам бериш учун фойдаланишни «халқаро ҳуқуққа навбатдаги зарба» деб атади ва «жавоб чоралари албатта давом этиши» ҳамда улар «оғриқли» бўлишини билдирди. Москвада бу таҳдидларнинг моҳияти ошкор этилмади. 

G7 Киевга Россия активлари кафолати остида 50 млрд доллар беради 

Худди шу куни, 13 июнда Италияда бўлиб ўтган саммитда G7 давлатлари Украинага йил охиригача умумий қиймати 50 миллиард доллар миқдорида кредит беришга тайёрлигини тасдиқлади. Бундай ҳолда, гаров сифатида Ғарб мамлакатларида музлатилган Россия активларидан олинадиган даромад ишлатилади. 

Режа тафсилотлари G7 мамлакатлари молия вазирлари томонидан ишлаб чиқилмоқда. Европа Иттифоқининг юқори мартабали мулозими журналистларга айтишича, 50 миллиард долларнинг қарийб ярми ЕИга аъзо давлатлар ҳиссаси бўлиши мумкин, қолган ярми эса G7 бошқа давлатларига тўғри келади. 

Германия канцлери Олаф Шолц бу қарорни Россия президенти Владимир Путинга аниқ сигнал деб атади. «У Украинани қўллаб-қувватлаётган дунёнинг бир қатор мамлакатларидаги молиявий муаммолар туфайли бу урушда ғалаба қозонишига умид қилмаслиги керак», деб таъкидлади Шолц.

Top