2024 йилнинг II чораги давомида давлат бюджетига солиқ тушумлари қарийб 45,5 трлн сўмни ташкил этди. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,4 фоизга кўп, дея маълум қилди Солиқ қўмитаси.
II чоракда барча солиқ турлари бўйича ўсиш кузатилган. Энг юқори ўсиш – мол-мулк солиғи – 45 фоиз. Кейинги ўринларни эса акциз солиғи (36,6 фоиз) ва ҚҚС (26,5 фоиз) эгаллади.
Солиқ турлари кесимида тушум (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш)лар қуйидагича:
- фойда солиғи – 9,5 трлн сўм (10,6 фоиз);
- ҚҚС – 9,4 трлн сўм – (26,5 фоиз);
- ЖШОДС – 9,2 трлн сўм – (18,7 фоиз);
- аксиз солиғи – 4,6 трлн сўм – (36,6 фоиз);
- ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ – 4,1 трлн сўм (16,2 фоиз);
- ер солиғи – 2,2 трлн сўм (32,1 фоиз);
- мол-мулк солиғи – 1,8 трлн сўм (45 фоиз);
- АОС – 756,1 млрд сўм (1,7 фоиз);
- сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ 186,1 млрд сўм (0,4 фоиз).
I чоракда бюджетга солиқ тушумлари 40,3 трлн сўмни ташкил қилганди. Шу рақамлардан келиб чиқилса, 2024 йилнинг 6 ойида солиқ тушумлари 85,8 трлн сўмни ташкил қилган. Бу – ўтган йилнинг биринчи ярмидаги кўрсаткичдан 11,4 фоизга кўп.
Аввалроқ 2024 йилнинг биринчи ярмида давлат бюджети дефицити 34 трлн сўмдан ошгани хабар қилинганди. 6 ойда давлат бюджети даромадлари 115,8 трлн сўм, харажатлари эса 149,8 трлн сўмни ташкил этиб, тақчиллик 34 трлн сўмга етган. Бу – бир йил олдинги кўрсаткичдан қарийб 27 фоизга кўп.










