13 июл куни Пенсилвания штатидаги сайловолди митинги чоғида Доналд Трампни ўлдиришга уриниш АҚШ Махфий хизматининг сўнгги ўн йилликлардаги — айнан айтилса, 1981 йилда президент Роналд Рейганга уюштирилган суиқасддан бери кузатилган энг йирик муваффақиятсизлиги бўлди, деб ёзади The Wall Street Journal газетаси.

АҚШ Конгрессининг бир неча қўмитаси махсус хизматлар фаолиятини текширмоқчи. Хусусан, вакиллар палатасининг назорат бўйича қўмитаси раиси Жеймс Комер аллақачон 22 июл куни Махфий хизмат директори Кимберли Читл иштирокида тинглов ўтказилиши режасини маълум қилган.

Журналистлар суриштирув давомида махсус хизматларнинг Батлердаги митинг ўтказиладиган ҳудуддаги хавфсизликни таъминлаш бўйича тайёргарлик ишлари таҳлилига катта эътибор қаратилишини тахмин қилишган: 20 ёшли, ёлғиз ҳаракатланган ўқотар қандай қилиб Трамп чиқиш қиладиган жой яқинидаги томда ўт очиш позициясини эгаллашга муваффақ бўлгани ҳақидаги саволга жавоб топиш учун.

«Реаллик шундаки, Махфий хизмат воқеа жойидан 100 ярд масофадаги очиқ томни кузатиш учун етарли ресурс ажрата олмагани учун ҳеч қандай оқлов йўқ», — деган Махфий хизматнинг собиқ ходими Билл Пикл.

У агар махсус хизматлар хавфсизликни етарли даражада таъминлай олганида, ўқотар бирорта ўқ узишга улгурмаслиги керак эди деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, нашр Махфий хизмат мергани жиноятчини митингда отишма бошланишидан «зум ўтмай» отиб ўлдирганини қайд этган.

Махсус хизматлар Батлердаги митинг олдидан қандай хавфсизлик чораларини кўргани ҳақида маълумотлар кўп эмас. Махфий хизматнинг собиқ ходимлари журналистларга айтишича, одатда бундай тадбирлардан олдин махсус хизматлар яқин атрофдаги бинолар ва корхоналарни текширади, шунингдек тадбир доирасидан ташқаридаги кузатув ва хавфсизлик масалаларида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик ўрнатади.

Махфий хизматнинг истеъфодаги юқори мартабали агенти Доналд Миҳалек Трампнинг Батлердаги митинги каби очиқ осмон остида ўтувчи тадбирлар махсус хизматларга қўшимча қийинчилик туғдиришини таъкидлайди. «Сиз бутун шаҳарни ёпиб қўя олмайсиз», — дейди у.

Сайлов мавсумида махсус хизматлар иши янада қийинлашади, чунки қоидага кўра президентликка номзодларнинг графиги тартибсиз бўлади ва унда режадан ташқари тадбирлар пайдо бўлиб қолиши мумкин, натижада Махфий хизматда унга тайёргарлик кўриш учун вақт етарли бўлмайди, дейди Михалек. WSJ нашри ёзишича, Трампнинг штаби Пенсилваниядаги митинг ҳақида 3 июл куни, унинг ўтказилишига ўн кун қолганида эълон қилган. Махсус хизматлар бундай тадбир режалаштирилаётгани ҳақида ундан олдинроқ бохабар бўлгани маълум эмас.