Жаҳон | 08:19 / 17.07.2024
13842
3 дақиқада ўқилади

CNN: АҚШ Эроннинг Трампни ўлдириш режалари ҳақида маълумот олди

АҚШ ҳукумати сўнгги ҳафталарда Эроннинг Доналд Трампга суиқасд уюштириш режалари ҳақида разведка маълумотларига эга бўлди, деб хабар бермоқда CNN манбалари. Эрон айбловларни рад этди.

Фото: Cheney Orr / Reuters

АҚШ ҳукумати сўнгги ҳафталарда Эрон томонидан АҚШ президентлигига номзод Доналд Трампга суиқасд тайёрланаётгани ҳақида разведка маълумотларига эга бўлди. Бу ҳақда 16 июл, сешанба куни манбаларга таяниб CNN хабар берди

CNN суҳбатдошларига кўра, АҚШ Махфий хизмати Трамп сайловолди штабига таҳдид кучайганлиги ҳақида хабар берган ва Трамп Пенсилваниядаги митингда отишмада яраланган 13 июлдан олдин унинг атрофида хавфсизлик чораларини кучайтирган. Шу билан бирга, Трампни отган Томас Мэтю Крукснинг Эрон фитнасига қандайдир алоқаси борлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, деди телеканал манбалари. 

Разведка агентлиги Трамп сайловолди штабини очиқ ҳавода митинглар ўтказмаслик ҳақида бир неча бор огоҳлантирган, чунки улар агентлик киришни яхшироқ назорат қила оладиган тадбирлардан кўра кўпроқ хавф туғдиради, дея таъкидлайди CNN. 

Эрон: Трамп - жиноятчи, аммо фитна айбловлари «асоссиз» 

Эроннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)даги миссияси журналистларга Трампга суиқасд тайёрланаётгани бўйича айбловлар «асоссиз ва ғаразли» эканини айтди. 

«Эрон Ислом Республикаси нуқтайи назаридан, Трамп генерал Сулаймонийни ўлдиришга буйруқ бергани учун жавобгарликка тортилиши ва судда жазоланиши керак бўлган жиноятчи. Эрон уни жавобгарликка тортиш учун қонуний йўлни танлади», - дейди миссия вакили. 

Трамп эронлик генерални ўлдиришни буюрган 

Эронлик генерал Қосим Сулаймоний 2020 йил 3 январга ўтар кечаси АҚШнинг Ироқдаги ҳаво ҳужуми натижасида ҳалок бўлди. Ҳаво ҳужумига буйруқни ўша пайтда АҚШ президенти бўлган Доналд Трамп берган. Эронлик юқори мартабали ҳарбий зобитнинг ўлдирилиши Бағдоддаги намойишчилар АҚШ элчихонасига бостириб киришга уринганидан бир неча кун ўтиб содир бўлди. Вашингтон дипломатик миссияга ҳужум генерал Сулаймонийнинг буйруғи билан амалга оширилганини билдирди. 

Эрон бунга жавобан Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси таркибидаги «Ал-Қудс» нуфузли бўлинмасига раҳбарлик қилган ҳарбий ўлдирилгани учун қасос олишга ваъда берди. 

Пенсилванияда Трампга суиқасд 

13 июл куни 20 ёшли Томас Мэтю Крукс АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг Пенсилвания штати Батлер шаҳрида сайловолди ташвиқоти митингидаги чиқиши вақтида унга қарата ўқ узди. Ўқ сиёсатчи қулоғининг тепа қисмига тегди. Отишма натижасида 50 ёшли эркак ҳалок бўлди, яна икки қатнашчи яраланди. Уларнинг аҳволи барқарор, деб хабар берди штат полицияси. Ҳужум қилган шахс хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган. 

Мавзуга оид