Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Болтиқбўйи давлатлари Беларус рақамлари бўлган автомобиллар киришини тақиқлади
Эстония, Латвия ва Литва Россия ҳамда Беларус Республикасига нисбатан урушга қарши жорий этилган санкцияларни четлаб ўтиш хавфини камайтириш учун Беларусдан автомобиллар киришини тақиқлайди.
Эстония 17 июл, чоршанба куни Латвия ва Литва томонидан Беларус давлат рақамларига эга автомобилларнинг киришига қўйилган тақиққа қўшилди.
«Июл ойи бошида Европа Иттифоқи Беларус Республикасининг Россия Украинага қарши агрессиясида иштирок этиш имкониятини чеклаш ва Беларус орқали Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишга йўл қўймаслик мақсадида Беларусга қарши санкцияларни кучайтирди, - дейилади Эстония ТИВ хабарида. - Беларус Республикасига нисбатан қўлланган санкциялар, хусусан, Беларус давлат рақамлари бўлган автотранспорт воситалари Европа Иттифоқига киришини тақиқлашни ўз ичига олади».
Вазирликнинг таъкидлашича, тақиқ «эгаси ёки фойдаланувчиси Эстония ёки Европа Иттифоқида қолиши сабабларидан қатъи назар» Беларус давлат рақамларига эга бўлган барча автомобилларга тааллуқлидир. Истиснолар «чекланган ҳолларда» тақдим этилади: «инсонпарварлик сабабларига кўра ёки дипломатик рақамга эга бўлган транспорт воситаси учун», дейилади баёнотда.
Шу билан бирга, Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна унинг давлати репрессиялар туфайли ватанини тарк этишга мажбур бўлган беларусларни қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади.
Автомобилни қайта рўйхатдан ўтказиш зарурати
Йўл ҳаракати тўғрисидаги қонунга кўра, Эстонияда Беларус давлат рақамларига эга бўлган транспорт воситаси вазиятга қараб беш кундан 12 ойгача бўлган муддатда қайта рўйхатдан ўтказилиши керак ва импорт солиқларини тўлаш ёки солиқдан озод қилиш учун ариза бериш зарур. Агар транспорт воситаси белгиланган муддатда қайта рўйхатдан ўтказилмаса, у йўл ҳаракатидан олиб ташланади ва транспорт воситаси эгаси жаримага тортилади.
Беларусдан Литва ва Латвияга автомобиллар кириши тақиқланди
Шу куни, 17 июлда Литва божхона бошқармаси 18 июлдан бошлаб Беларус давлат рақамларига эга автомобилларнинг мамлакатга киришига тақиқ амал қила бошлашини маълум қилди. Фақат дипломатик транспорт воситалари учун истисно қилинади.
Ҳозирда Литвада бўлган автомобил эгалари 2025 йилнинг 18 январигача мамлакатни тарк этишлари ёки уларни қайта рўйхатдан ўтказишлари керак. Буни қилмаганларнинг машиналари мусодара этилади.
Литва божхона қоидаларига кўра, 16 августга қадар Беларус автомобиллари, агар улар сотиш учун мўлжалланмаган ва амалдаги виза ёки яшаш учун рухсатномаси бўлган беларусларга тегишли бўлса, мамлакатга кириши мумкин. Ушбу вақтинчалик истисно юридик шахсларга тааллуқли эмас.
Аввалроқ, 16 июлдан бошлаб Латвияда Беларусда рўйхатдан ўтган автомобиллар кириши тақиқланган эди. Рига бу чорани Европа Иттифоқининг Россия Федерацияси ва Беларусга қарши санкцияларини четлаб ўтиш хавфини камайтириш зарурати билан изоҳлади. Қарор дипломатик ва консуллик ваколатхоналари, жумладан, делегациялар, элчихоналар ва миссиялар фойдаланиши учун мўлжалланган автотранспорт воситаларига тааллуқли эмас.
Мавзуга оид
22:20 / 24.05.2026
Макрон Лукашенкони Украина низосига аралашмасликка чақирди
21:48 / 12.05.2026
Лукашенко армияни урушга тайёрлаш учун қўшинларнинг «мақсадли сафарбарлиги»ни эълон қилди
21:45 / 07.05.2026
ХОҚ Беларус спортчилари учун барча чекловларни бекор қилди
09:06 / 02.04.2026