Трампни отишгач одамларда ҳақли савол пайдо бўлди: бутун дунёдаги муаммоларни ҳал қила олишини иддао қиладиган давлат қандай қилиб собиқ ва катта эҳтимол бўлажак президентини 20 ёшли ҳаваскор отишига йўл қўйди? Чиндан ҳарбий бюджети триллион долларга етган, дунёда энг кўп махсус қўшинларга эга Америка қандай қилиб салкам президентни отишларига йўл қўйиши мумкин? BBC суиқасддаги хавфсизлик билан боғлиқ фикрларни жамлади.

Полиция «ҳашарга чақирилган»

Суиқасд атрофидаги воқеаларга қараганда, афтидан, Америкада ҳам ташкилотларни «ҳашарга чақириш» тизими мавжуд кўринади. АҚШ Махфий хизмати расмий вакили Энтони Гулиелмининг сўзларига кўра, бу ташкилот агентлари митинг каби йирик тадбирлар хавфсизлигини таъминлаш учун етарли эмас ва улар полиция ёрдамига умид қилишади. Бу гапдан келиб чиқадики, президентликка номзодни қўриқлаш тўғридан тўғри полиция вазифасига кирмайди ва улар шунчаки Махфий хизматга ёрдамчи ўлароқ (яъни ҳашарга) жалб қилинади.

Махфий хизмат вакилига кўра, ташкилот агентлари митинг ўтказилган майдон ичкарисидаги хавфсизлик учун жавоб берган. Маҳаллий полиция эса атрофдаги объектларни, хусусан, қотил томида бўлган бинони қўриқлаши керак эди. BBC билан суҳбатлашган маҳаллий шериф маъмурияти эса қотил фойдаланган хусусий объект учун улар жавобгар эмаслигини айтган.

Шериф ўз ихтиёрида бўлган барча ресурсларни тадбирга жалб қилганини билдирган. Унда Трамп ўлишига бир бахя қолган фожиа қандай содир бўлди? Хавфсизлик тизгини қаерда узилди? Шериф Майкл Слуп қўриқлашни ташкил этишда хато бўлганини тан олган, лекин бунда айнан бир томонни айблаш тўғри эмаслигини қўшимча қилган.

Одамлар қурол билан томга чиқиб кетган қотилни пайқагани, у ҳақда полицияга хабар бергани тасвирланган видео ҳам тарқалди. Гувоҳлар эълон қилган видеода одамлар қотилни суиқасддан камида икки дақиқа аввал кўрганини билиш мумкин. Баъзи хабарларга кўра, Крукс томга нарвонда бемалол чиқиб борган.

Махфий хизмат директори Кимберли Читлга кўра, Крукс Трампга ўқ узган бино ичида полициячилар бўлган. Мулозим бу гапи билан қотил Трампга ўқ узишида бевосита полицияни айблаган. Табиийки, америкаликларда Махфий хизмат агентлари ва полиция нега ўз ҳаракатларини мувофиқлаштирмагани борасида саволлар пайдо бўлган. Қотил қандай қилиб Трампга бу қадар яқинда жойда қурол билан пайдо бўлди, демоқчи америкаликлар, хусусан.

BBC нашри ёзишича, жиноятчи томида бўлган бино ичида уч нафар мерган ҳам бўлган. Нашр 2002 йилдан 2010 йилгача сайлов митингларида хавфсизликни таъминлашда қатнашган собиқ агент Жейсон Рассел билан суҳбатлашган. Унинг сўзларига кўра, Махфий хизмат бундай катта тадбирларда хавфсизликни таъминлаш учун полиция ёрдамидан фойдаланиши табиий, чунки Махфий хизматда агентлар сони чекланган.