Томас Крукс суиқасддан бир соат олдин мерган эътиборини тортган, аммо уни йўқотиб қўйишган
Махсус хизмат унинг телефонини бузиб кирди. Крукс телефони орқали депрессияга тушиш симптомлари, Трамп ва Байденнинг суратларини излагани аниқланган.
Доналд Трампни ўлдиришга уринган Томас Крукс сиуқасддан бир соат аввал махсус кучлар эътиборини тортган. Аммо агентлар уни одамлар орасида йўқотиб қўйишган. Бу ҳақда АҚШ махсус кучлари вакиллари Конгрессдаги ёпиқ брифинг вақтида айтишган.
«Унга шубҳали шахс сифатида қарашган, чунки унинг қўлида дурбин ва рюкзаги бўлган. Бу отишмадан бир соат аввалги гап. Мантиқан қараганда, мана шу бир соат давомида уни йўқотиб қўймаслик керак эди», деган сенатор Жон Баррассо учрашувдан кейин Fox News билан суҳбатда.
Ёпиқ учрашувда Трампни отган Томас Крукс суиқасд амалга оширилган ярмарка майдонига бунгача ҳам камида бир марта боргани айтилган.
Махсус хизмат вакиллари унинг телефонини бузиб киришга муваффақ бўлишган. Қотил телефони орқали депрессияга тушиш симптомлари, Трамп ва Байденнинг суратларини излаган. Шунингдек, қидирилган суратлар орасида АҚШ бош прокурори Мэррик Ҳарланд ва Британия қироллик оиласи вакиллари ҳам бор.
Крукс Steam ўйинлар платформасида 13 июл куни «примера ўтказиши» ҳақида ёзган. Айнан шу куни у Трампни отганди.
Суриштирувда қатнашаётган ва номи сир қолишини сўраган одамлардан бири CBS телекомпанияси билан суҳбатда митингни қўриқлашда қатнашган маҳаллий органлардан бирининг мергани Томас Крукс дурбиндан қараб турганини пайқагач, бу ҳақда тезда бошқарув пунктига хабар берганини айтган. Мерган Крукс бино олдига бориб уни кузатгани ва яширинганини кўрган. Кейин қотил яна пайдо бўлиб, телефонига қараган. Шундан сўнг дурбиндан қараши билан рация орқали бошқарув пунктига хабар берган.
Бу хабардан кейин Томас Круксни кузатишга буйруқ берилган. Ҳатто қўшимча куч юборилиши сўралган ва у бинонинг ғарбий қисмига йўл олгани айтилган. Бу вақтда Крукс мерганлар ўтирган бино устига чиқиб кетишга улгурган.
Крукс томида бўлган бино ичида қўриқлашда қатнашаётган уч нафар мерган ҳам бўлган.
Брифингда Махфий хизмат мергани Круксни у Трампга ўқ узганидан 26 сония ўтиб отиб ўлдигани айтилган. Брифингда қатнашган Федерал тергов бюроси директори Кристофер Рейнинг айтишича, жиноят мотиви ҳамон аниқланмаган. Шунингдек, ҳуқуқ-тарибот органлари қотил хориждан кимдир билан гаплашгани, кимдандир буйруқ олгани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас.
Ёпиқ брифингда қатнашган республикачилар Махфий хизмат қотилни одамлар орасида йўқотиб қўйганидан жаҳли чиққан. Улар шубҳали шахс одамлар ичига кириб кетган ҳолатда нега Трампга саҳнага чиқишга рухсат берилганини сўраган. Республикачилар брифингда айтилган маълумотлар етарли эмас деб ҳисоблаган ва Махфий хизмат директори Кимберли Читл истеъфога чиқишини талаб қилган.
Хусусан, Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон ҳам Махфий хизмат раҳбари истеъфосини талаб қилган. Унинг сўзларига кўра, Вакиллар палатаси иш бўйича мустақил суриштирув олиб боради. Суриштирувда ҳар икки партия конгрессменлари иштирок этади.
22 июл куни Махфий хизмат директори Кимберли Читл Вакиллар палатасида чиқиш қилиб, ҳисоб беради. АҚШ президенти Жо Байден ҳам иш бўйича расмий терговдан ташқари мустақил суриштирув ўтказилишини маълум қилган.
Мавзуга оид
08:38
FT: Трамп Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишга ваъда берди
09:55 / 20.12.2024
Шолц ва Трамп телефон орқали Украинадаги урушни муҳокама қилди
17:34 / 18.12.2024
Трамп дастлаб миллион мигрантни депортация қилишни режалаштирмоқда — ОАВ
11:05 / 17.12.2024