Бунда Cellebrite компанияси ёрдам берган — у бутун дунё бўйлаб махсус хизматларни ҳакерлик воситалари билан таъминлайди.
Доналд Трампни отган Томас Мэттю Крукснинг телефонини бузиб кириш учун Федерал тергов бюроси агентларига атиги 40 дақиқа кифоя қилган. Бу ишни исроиллик дастурчилар ёрдамида амалга оширишган. Бу бир томондан агентлар тезкор ишлаганини кўрсатса, бошқа томондан замонавий смартфонлар хавфсизлиги ҳақида гаплар шунчаки сафсата эканини навбатдаги марта исботлайди. АҚШ нашрларида жиноятчининг телефони қандай бузиб кирилгани ҳақида тафсилотлар пайдо бўлди.
Bloomberg'нинг ёзишича, Федерал қидирув бюроси Крукснинг телефонини бузиб кириш учун Исроилдаги Cellebrite компанияси тақдим этган дастурий таъминотидан фойдаланган. Идора суиқасддан икки кун ўтиб телефон бузиб кирилганини эълон қилганди. Бюро телефонни қандай қилиб бунчалик тез бузиб кирганини тушунтирмаган. Ваҳоланки, одатда гумонланувчилар телефонини бузиб киришга бир неча ой талаб қилинган.
Washington Post Крукснинг телефони Samsung компанияси ишлаб чиқарган охирги моделдаги қурилмалардан бири эканини ёзди. Ундаги Android тизими Исроил компанияси тақдим этган қурилма ёрдамида иккинчи уринишда бузиб кирилган. Аввалига телефон Питтсбургдаги ФТБ идорасига юборилган. Аммо у ерда қурилмани бузиб кира олишмагач, гаджет Виржинядаги Куантико ФТБ агентларига юборилган. У ерда агентлар айнан исроиллик дастурчилар ишлаб чиқарган Cellebrite дастурий таъминоти орқали қурилмани бузишади.
Питтсбургдаги идорада ҳам худди шундай дастур бўлган, лекин унинг ёрдамида қурилма блокини оча олишмаган. Каунтикода эса исроиллик мутахассислар қўшимча техник кўмак тақдим этгач, Крукснинг телефони очилади. Қизиғи, америкаликларга тақдим этилган дастур ҳали ишлаб чиқариш босқичида бўлган.
Washington Post'га кўра, Крукснинг телефони бузиб кирилгани тергов жараёнини тезлаштирмаган. Қотилнинг шериклари бўлганми? Суиқасд мотиви нимадар иборат бўлган? Қурилма бузиб кирилгани ҳам мана шу икки муҳим саволга жавоб топмаган.
ОАВда Cellebrite дастури телефонларни қандай бузиб кириши ҳақида турли маълумотлар пайдо бўлди. Уларда айтилишича, бу дастур фойдаланадиган усуллардан бири қайта уринишларни блокловчи ҳимоя тўсиғини блоклаш ҳисобланади. Шунингдек, исроилликлар ишлаб чиқариб, дунёга сотадиган дастур телефонга кириш учун бир вақтнинг ўзида миллионлаб паролларни кирита олади. ФТБ айнан қандай услубдан фойдалангани аниқ эмас.
The Verge нашри ёзишича, АҚШдаги деярли барча полиция бўлимларида телефонларни бузиб киришга мослашган Cellebrite қурилмалари бор. Махсус хизматларда эса янада кўпроқ қурилмалардан фойдаланади. Upturn нотижорий тадқиқот ташкилоти ўтказган суриштирувда АҚШнинг 50 та штати ва Колумбия округидаги 2 мингдан ортиқ ҳуқуқ-тартибот идораларида мобил қурилмаларни криминал экспертиза қиладиган қурилмалар мавжуд. Улар орасида нархи 30 минг доллар турадиган Graykey қуриласи ҳам бор. Унинг асосчиси қурилманинг янги версияси iOS 17 оператив тизимини ва Samsung Galaxy S24 телефонларини бемалол бузиб кира олишини айтиб мақтанган.







