Техник регуляция инспекцияси бу ичимлик таркибида “азорубин E 122” номли ранг берувчи модда меъёрдан ортиқлигини аниқлаган (бу модда болаларнинг фаоллиги ва диққатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин). Санэпидқўм эса ҳаммаси рисоладагидек эканини айтмоқда. Kun.uz ҳолат юзасидан суриштирув олиб борди.
31 июл куни Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси “Royal” бренди остидаги анор таъмли ичимликлар борасида ўз ўрганишлари натижаларини ОАВга тақдим этди.
Инспекцияга кўра, лаборатория хулосасига асосан ичимлик таркибида “азорубин E 122” моддаси белгиланган меъёрдан ортиқлиги маълум бўлган.
“UzTR.490-022:2017 “Озиқ-овқат маҳсулотларини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент”нинг 36-бандига мувофиқ, таркибида ранг берувчилар (E122 azorubin, E сариқ хинолин, FCF E110 сариқ “қуёш ботиши”, AC E129 қизил мафтункор, 4Р E124 понсо ва E102 тартразин) мавжуд бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари учун “Таркибида ранг берувчи (ранг берувчилар) мавжуд, улар болаларнинг фаоллигига ва диққатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин” деган огоҳлантирувчи ёзув ёзилиши керак”, – дейилади расмий изоҳда.
Инспекция, юқоридагиларни инобатга олиб, бир қанча қонунлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларини бажармаслик қонунбузилишига олиб келишини эслатган.
Kun.uz сўровига асосан, инспекциянинг бу хулосасига асос бўлган синовлар баённомаси тақдим этилди.


Баённомада “Royal” савдо бренди остидаги анор шарбати таркибида “азорубин E 122” моддаси 126,4 мг/кг миқдорда чиққани, меъёр эса 57 мг/кг экани кўрсатилган.
Афғонистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотни Ўзбекистонга “Tash Royal Drink” МЧЖ импорт қилади. Корхона вакилларининг Kun.uz'га билдиришича, бу маҳсулот турини сертификатлаш Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ваколатига кирмайди. Маҳсулот учун Санитария-эпидемиология қўмитасининг тегишли бўлинмаси томонидан санитария-эпидемиология хулосаси олинган.







