ҲАМАС сиёсий лидери Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши ҳамон муҳокамалар марказида. Ҳания ҲАМАСни қўллашини очиқ айтадиган Эрон пойтахти Теҳронда хавфсизлик максимал даражада таъминланган кунда ўлдирилгани эса бу борада шубҳалар ва табиийки конспирлогик қарашларни кучайтирди.

Аввалроқ The New York Times Ҳания ҲАМАС ва Эрон расмий маълумотида айтилганидек ракета зарбаси ёки учувчисиз курилма ёрдамида эмас, у Теҳронда тунаб қолган уйда бомба портлаши оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида ёзганди. Британиянинг Telegraph нашри ҳам бу версияни қувватловчи янги тафсилотларни эълон қилди.

Инглиз суриштирувчиларининг аниқлашича, Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши тўлалигича Исроил махсус хизмати Моссад операцияси бўлган. ҲАМАС лидерини ўлдириш учун Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси агентлари ёлланган ва улар ёрдамида Ҳания тунаган хонага бома қўйишган. Май ойида ёлланган агентлар Ҳания тунаб қолиши мумкин бўлган учта хонага бомба қўйган.

Аввалига Раисийнинг жанозаси кўзланган

Моссад аввалига ҲАМАС лидерини май ойида, авиаҳалокат оқибатида вафот этган Эрон марҳум президенти Иброҳим Раисийнинг жанозаси вақтида ўлдиришни кўзлаган, аммо ўшанда операция барбод бўлиш эҳтимоли юқорилиги сабаб ортга сурилган. Эронда Исмоил Ҳания ўлдирилганидан кейин хавфсизликка масъул бўлган бир қатор юқори мартабали мулозимлар, у тунаб қолган меҳмон уйи ходимлари ва ҳатто генераллар қўлга олингани айтилганди. New York Times'га кўра, қўлга олинганлар орасида Эрон разведкаси ходимлари ҳам бўлган.

Яқин Шарқдаги воқеаларни ёритадиган нашрларда Исроил гўёки Теҳрон марказигача камикадзе дрони учиргани, жуда баланддан учган дрон эса Ҳания турган хона устига аниқ ракета ташлагани ҳақида ёзган. Аммо дрон бу қадар аниқ ҳаракат қила олиши, бундан ташқари, Исроил дрони Эрон осмонида бу қадар эркин ҳаракатланиши шубҳали экани айтилмоқда.

Исроилнинг «илмоқли» баёноти

Исроил томони Ҳаниянинг ўлими ҳақида ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ, аммо ЦАХАЛ сўзчиси бўлмиш контр адмирал Даниэл Ҳагари Исроил Ҳания ўлган тунда Яқин Шарқнинг бирор давлатига ракета учирмагани ёки дрон учирмаганини маълум қилган. «Биз сешанба куни Байрутга аниқ авиазарба йўллаб, Фауд Шукрни ўлдирдик. Ўша тунда Яқин Шарқнинг бошқа ҳеч бир давлатига Исроилнинг бирорта ракетаси ёки дрони учирилгани йўқ. Бу аниқ. Буни ортиқ изоҳлай олмайман», деган Ҳагари.