Россиянинг Липецк шаҳри ва Липецк вилояти 9 август, жумага ўтар кечаси дронлар йирик ҳужумига учради. Бу ҳақда Москва вақти билан соат 1.46 дан 7.40 га қадар ўзининг Telegram-саҳифасида дрон ҳужумлари мавзусида аввалига «қизил», кейин эса «сариқ» хавф даражаси ҳақида йигирмата ёзув киритган вилоят губернатори Игор Артамонов маълум қилди.
Хусусан, Москва вақти билан соат 3.38 да Артамонов энергетика инфратузилмаси объектига зарар етказилгани, натижада электр таъминотида узилишлар юз бергани ҳақида хабар қилган. Тахминан бир соат ўтгач, у Липецк шаҳар округи ҳудудида «портловчи объектларнинг портлаши оқибатларини бартараф этиш учун» фавқулодда режим жорий этилаётганини ёзди. Ҳудуддаги 4 та аҳоли пункти эвакуация қилинди. Губернаторнинг сўзларига кўра, УУА ҳужуми натижасида 9 киши жароҳатланган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Липецк вилояти бўйича бош бошқармаси минтақада жойлашган ҳарбий аэродромда ёнғин содир бўлганини маълум қилди. «Учинчи рақамдаги ҳарбий аэродромда ёнғин содир бўлди», — дейилади департамент хабарида. Astra Telegram-каналига кўра, аэродромдаги дрон ҳужумидан сўнг ўқ-дорилар омбори ёниб кетган бўлиши мумкин.
Россиянинг бешта ҳудудида ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди
Агентлик маълумотларига кўра, Липецк вилоятидан ташқари, 9 августга ўтар кечаси қўшни Курск, Брянск, Белгород ва Воронеж вилоятларида ҳам ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинган. Қримда ҳам дрон ҳужумлари қайд этилган. Кремл томонидан тайинланган шаҳар «губернатори» Михаил Развожаевнинг сўзларига кўра, Украина учта учувчисиз учоқлари ва «Нептун» ракетаси Севастопол порт шаҳри яқинида денгиз узра уриб туширилган. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.
Россия Мудофаа вазирлиги эрталаб Липецк вилояти осмонида тунда 19 та дрон уриб туширилгани ҳақида хабар бериб, Россия Федерацияси ҳудудларига тунги ҳужумда жами 75 та дрон иштирок этганига аниқлик киритди. Вазирлик маълумотларига кўра, улардан 26 таси Белгород, еттитаси Курск, бештаси Брянск, тўрттаси Воронеж, биттаси Орол, бештаси Қрим, саккизтаси Қора денгиз узра уриб туширилган.
Курск вилоятида жанглар
Курск вилоятининг Суджанский ва Кореневский туманларида охирги уч кундан бери жанглар давом этмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги ва ҳарбий экспертлар маълумотларига кўра, Украина армиясининг бўлинмалари Россия Федерацияси ҳудудига кириб келган. Камида иккита россиялик ҳарбий хизматчи асирга олинди ва рус армияси Ка-52 вертолётини йўқотди - у FPV-дрон томонидан уриб туширилди.

















