Самарқандда вилоят имтиҳон маркази очилди. Энди автомактабларда ўқиган бўлажак ҳайдовчилар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун шу масканга келиб, назарий ва амалий имтиҳон топширади.
Суперфосфат заводининг орт томонида, Паст Дарғом тумани ҳудудида очилган имтиҳон марказининг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов чиқиш қилди. У имтиҳон марказининг очилишидан мақсад, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда таниш-билишчилик ва коррупцияга барҳам бериш эканлигини таъкидлаб ўтди.

Сўнгра Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Шерзод Ибрагимов бундай марказларнинг аҳамияти ҳақида гапирди.
Ушбу инновацион мажмуада имтиҳоннинг назарий қисмида бирваракайига 25 кишидан тест олиш мумкин. Автополигонда эса 10 та курсант бир вақтнинг ўзида амалий имтиҳон топширса бўлади.

Бутун жараён тўлиқ автоматлаштирилган. Номзод Марказга келганида ўзига тегишли индивидуал QR-кодини олади, бунда у топширадиган имтиҳонларнинг ҳар бир босқичи белгилаб қўйилган бўлади.
Маслан, назарий имтиҳондан ўтиш учун 20 та саволдан камида 18 тасига тўғри жавоб бериш талаб этилади, бунга 25 дақиқа вақт ажратилади. Агар ушбу синов босқичидан муваффақиятли ўтса, номзод ҳайдовчилик бўйича амалий имтиҳонни топшириш ҳуқуқига эга бўлади.

Кутиш залида унга зарур кўрсатмалар берилади, шунингдек, қайси машғулотларни ва қандай кетма-кетликда бажариш кераклиги тўлиқ акс эттирилган видео маълумотнома намойиш этилади.
Машинани курсантнинг бир ўзи бошқаради. Машина бошқаруви асносида йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун бериладиган жарима баллари 99 балл чегарасидан ошиб кетмаса, имтиҳон топширилган ҳисобланади.

Номзод амалий имтиҳондан ўта олмаса, у назарий имтиҳонни муваффақиятли топширган пайтдан бошлаб 2 ой ичида 7 кунлик интервал билан қайта топшириши мумкин. Агар бу муддат ичида топшира олмаса назарий имтиҳонни ҳам бошқатдан топширади.



















