Дунёнинг кўплаб шаҳарлари иқлим таъсири остида ўз ҳудудларининг ҳаддан ташқари қизиб кетишига йўл қўймаслик учун кўпроқ дарахт экиш ташаббуси билан чиқмоқда. Бироқ бу ҳаракатлар муаммони ҳал қилишда кўпчилик ўйлагандек самарали бўлмаслиги мумкин.

UNSW Sidney тадқиқотчилари Кай Гао, доктор Жей Фенг ва илмий профессор Маттеос Сантамурис олиб борган тадқиқот шуни кўрсатдики, дарахтларнинг иссиқликни юмшатиш борасидаги фойдаси жазирамада сезиларли даражада сусаяди. Тадқиқот натижаларига кўра, анъанавий иқлим моделлари жазирамада дарахтларнинг совитиш қобилиятини 60 фоизга ошириб баҳолаган.

Яшил инфратузилмани қўшиш, айниқса дарахтлар экиш, шаҳар ҳудудида иссиқликни камайтириш учун кенг тарқалган чора. Аммо тадқиқотимиз иссиқлик тўлқини пайтида шаҳардаги ҳароратни юмшатиш учун дарахтларда айрим лимитлар мавжудлигини кўрсатди. Бу билан дарахт экиш ташаббуслари иссиқликни камайтиришда муҳим рол ўйнамайди, дейиш хато, лекин кенг кўламли дарахт экиш сиёсатини диққат билан кўриб чиқиш талаб этилади”, — дейди тадқиқот ҳаммуаллифи профессор Сантамурис.

Анъанавий иқлим моделлари жазирамада дарахтларнинг совитиш қобилиятини ошириб баҳолаган.
Фото: Adobe Stock

Жазирамада совитиш учун зарур транспирация ҳодисаси секинлашади

Одатда, оддий ёз шароитида яшил инфратузилманинг ҳароратини пасайтиришга қўшадиган ҳиссаси кун давомида 1-2°C ни ташкил қилади. Бу жараённинг асосий қисми транспирация ҳодисаси туфайли юз беради. Транспирация вақтида дарахтлар барги орқали сув буғини чиқаради, иссиқликни ютади ва атрофидаги ҳавони салқинлатади.

Бироқ дарахтлар намликни сақлаб қолиш ва танасидаги озуқавий елимни ушлаб туриш орқали сувсизланишнинг олдини олиш учун иссиқлик босими остида эҳтиёт чораларини кўради. Бу эса транспирация тезлигини ва натижада дарахтларнинг совитиш қобилиятини пасайтиради – айнан мана шу ҳодиса ҳозирги иқлим прогнозларида эътибордан четда қолган.

Тадқиқот учун мутахассислар иссиқлик тўлқини пайтида 700 дан ортиқ дарахт турларининг транспирациясидаги ўзгаришларни моделлаштириш учун глобал дарахт елими оқимини қайд этувчи маълумотлар базасидан фойдаланган. Ҳодисани тасдиқлаш мақсадида улар Сиднейдаги эвкалипт дарахтлар транспирациясидаги ўзгаришларини ўлчаш учун дала тажрибасини ҳам ўтказди.