Белгород вилоятида Украина қуролли кучларининг Россия Федерацияси Курск вилоятида давом этаётган ҳужуми фонида федерал даражада фавқулодда ҳолат (ФҲ) режими жорий этилмоқда. Бу ҳақда вилоят губернатори Вячеслав Гладков 15 август, пайшанба куни маълум қилди.
Унга кўра, Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Александр Куренков раислигида ҳукумат комиссиясининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.
«Бўлаётган воқеалар миқёси минтақага оқибатларни мустақил бартараф этишга имкон бермайди»
«Минтақада вазият оғир ва таранглигича қолмоқда», — дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарида. Турар жой бинолари ва инфратузилмага зарар етган, қурбонлар ва жароҳатланганлар бор, дея қўшимча қилинди. «Бўлаётган воқеалар миқёси минтақага ҳозирги фавқулодда вазият оқибатларини мустақил равишда бартараф этишга имкон бермайди», — деди Куренков. Гладков ва Россия Қурилиш вазирлигининг саноат ва фуқаролик қурилиши департаменти директори Сергей Галямин томонидан ҳисоботлар тақдим этилди.
«Ҳисоботлар давомида олинган маълумотларга кўра, мен Белгород вилоятида юзага келган фавқулодда вазиятни федерал фавқулодда ҳолат деб таснифлашни ва федерал даражада реакция билдиришни таклиф қиламан», деди Куренков.
Федерал монополияга қарши хизмат минтақадаги нархларни назорат қилади.
Федерал фавқулодда вазият юзага келган тақдирда, оқибатларни бартараф этиш федерал бюджетдан молиялаштирилади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан таъкидланганидек, бир марталик моддий ёрдам 15 минг рублни ташкил қилиши мумкин, асосий мулк қисман йўқолган тақдирда - 75 минг рубл, тўлиқ йўқолган тақдирда - 150 минг рубл. Қурбонларнинг яқинларига тўланадиган тўловлар 1,5 миллион рубл миқдорида белгиланди. Соғлиққа ўртача ёки оғир зарар етказилганда - 600 минг рубл. Соғлиққа енгил зарар етказилган ҳолларда - 300 минг рубл.
Уч вилоятда АТО режими
9 август куни Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида аксилтеррор операцияси режими жорий этилди. Белгород вилоятининг Краснояружский тумани аҳолиси уни деярли бутунлай тарк этди, деди Гладков.
Ҳиндистоннинг Москвадаги элчихонаси ушбу мамлакат фуқароларига учта ҳудудни вақтинча тарк этишни тавсия қилди. Ёрдамга муҳтожларга дипломатик миссияга электрон почта орқали мурожаат қилиш маслаҳат берилди.
















