Швейцария ҳукумати кўллардаги ўқ-дориларни йиғиб олиш учун энг яхши ғояларга 58 минг доллар ваъда қилди
Мамлакатнинг хушманзара кўллари тубида эски ўқ-дорилар қолиб кетмоқда. Ҳукумат уларни экологик тоза ва хавфсиз усулларда йиғиштириб олиш йўлини қидирмоқда.

Фото: VBS-DDPS
Швейцария ҳукумати мамлакатдаги хушманзара кўллар тубидан эски ўқ-дориларни қандай олиб чиқиш масаласида ғоялар танловини эълон қилди.
Мамлакатнинг мудофаа харидлари бўйича федерал идораси (Armasuisse) август бошида берган баёнотга кўра, энг яхши учта ғоя муаллифлари 50 000 Швейцария франки (58 минг доллар) миқдоридаги совринни бўлишиб олади.
Танловда ғолиб чиққан ғоялар яқин орада амалга оширилмаган тақдирда ҳам келажакда сув ости ўқ-дорилари муаммосини ҳал қилиш бўйича тадқиқотларга асос бўлиши мумкин, дейилади баёнотда.
1918 йилдан 1964 йилгача бўлган даврда ортиқча, яроқсиз ёки эскирган ўқ-дорилар Тун, Бренз ва Люсерн сингари кўллар тубига ташланган. Улар юзадан 150—220 метргача чуқурликда ётибди.
“Ғоялар танловини бошлаш орқали Армасюис кун келиб кўллардаги ўқ-дорилар муаммога айланадиган бўлса, уларни экологик тоза ва хавфсиз усулларда йиғиштириб олишга академик доираларни фаолроқ жалб қилмоқчи. Агар, бугунги барча тахминларга зид равишда, кўл суви мониторинги давомида ўқ-дорилардан ифлослантирувчи моддалар ажралаётгани аниқланса, хавотирлар ҳақиқатга айланади”, — дейилади баёнотда.
Баёнотга кўра, 2005 йилда ҳам кўл сувини тозалаш усуллари кўриб чиқилган эди, ўша пайтда ўқ-дориларни олиб чиқиш бўйича таклиф қилинган барча ечимлар кўлнинг сезгир экотизими учун катта хавф туғдириши маълум бўлган.
Тозалашдаги муаммоларга қуролларнинг портлаб кетиши хавфи, сувнинг чуқурлиги, оқим, шунингдек, вазни 50 килограммгача бўлган ўқ-дориларнинг ҳолати, ўлчами ва оғирлиги киради.
Яна бир қийинчилик шундаки, баъзи компонентлар магнитсиз мис, жез ёки алюминийдан тайёрланган.
“Ушбу омилларнинг барчаси ўқ-дориларни экологик хавфсиз утилизация қилиш учун жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда”, — дейилади идора хабарида.
Танлов 2025 йил 6 февралгача давом этади, ғолиблар апрел ойида эълон қилинади.
Швейцария ҳукумати эски ўқ-дорилар муаммосини биринчи марта ҳал қилаётгани йўқ.
2020 йилда Митҳолз қишлоғидаги омборхонадан 3500 тонна портловчи моддалар олиб кетилган, бунинг учун қишлоқ аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. 1947 йилда ўша омборда сақланаётган 7000 тонна портловчи моддалар портлаб, тўққиз кишининг ҳаётига зомин бўлганди, ҳодиса қишлоққа ҳам катта зарар етказган.
Мавзуга оид

18:37 / 27.03.2025
Швейцария элчиси ишга таклиф билан боғлиқ фирибгарликлар ҳақида огоҳлантирди

08:53 / 19.03.2025
Айдар-Арнасой кўлларида ўтказилган рейдларда 423 млн сўм жарималар белгиланди

00:18 / 18.03.2025
Швейцария 30 мингдан ортиқ украиналикни қочоқ мақомидан маҳрум қилди

10:38 / 07.03.2025