Япониядаги аэропортда йўқолган қайчи сабаб ўнлаб рейслар бекор қилинди
Ҳоккайдо префектурасидаги аэропорт омборидан қайчи йўқолиб қолган. Шубҳали ҳодиса муҳим нуқтада – бортга чиқиш олдидан хавфсизлик текшируви ўтказиладиган йўлак ёнидаги омборда рўй бергани сабаб, 36 та рейс бекор қилинди, 201 та рейс кечиктирилди.
Ҳодиса 17 август, шанба куни юз берган. Ҳоккайдо префектурасидаги Янги Титосэ аэропортининг ички рейслар терминалидаги хавфсизлик текширувлари тахминан икки соатга тўхтатилган, оқибатда юзлаб йўловчилар бир муддат қийин аҳволга тушиб қолган. Улар хавфсизлик текширувидан қайта ўтишга юборилгани сабаб учиш залида узун навбатлар ҳосил бўлган.
Масъул ходимлар йўқолган қайчини топишга икки кун уринишди. Қайчи шанба куни топилмаган бўлса-да, хавфсизлик текширувлари ва парвозлар ўша куниёқ қайта тикланди.
Қайчи якшанба куни омборхона ходими томонидан топилди ва чиндан ҳам ўша йўқолган қайчи экани тасдиқлангач, аэропорт расмийлари унинг топилганини эълон қилди.
Рейсларнинг бекор қилиниши ва кечикишидан азият чеккан саёҳатчиларнинг аксарияти Японияда ҳар йили нишонланадиган Бон байрамидан кейин уйга қайтишаётган эди.
Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирлиги Ҳоккайдо аэропортларига мурожаат қилиб, ҳодисанинг сабабини аниқлаш ва бундай ҳолатлар қайталанишига йўл қўймасликни сўради.
“Ушбу воқеа омбордаги сақлаш ва бошқариш тизимлари нотўғри олиб борилгани туфайли содир бўлганини тан оламиз. Ҳодиса ўғрилик ёки терроризмга алоқадор бўлиши мумкин эди, раҳбариятнинг тўлиқ хабардорлигини таъминлаш учун бунинг устида яна бир бор ишлаймиз”, – дейилади аэропорт баёнотида.
Х ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари аэропортнинг ҳодисага муносабатини олқишлади ва Япониядаги парвозлар хавфсизлигига ишончи ошганини таъкидлади.
Авиация таҳлили билан шуғулланувчи OAG компанияси маълумотларига кўра, Янги Титосэ Япониянинг энг гавжум аэропортларидан бири бўлиб, дунёдаги иккинчи энг йирик ички авиақатнов Токио — Саппоро йўналишига хизмат кўрсатади.
2022 йилда аэропортдан 15 миллиондан ортиқ сайёҳ фойдаланган.
Бир неча ҳафта олдин сичқон Германиянинг энг йирик аэропортини электрсиз қолдирган эди.
Мавзуга оид
19:55 / 11.11.2024
Японияда Ишиба ҳукуматининг янги таркиби тасдиқланди
17:59 / 11.11.2024
Япониянинг асосий метеорологик сунъий йўлдоши ишдан чиқди
23:27 / 10.11.2024
Япония Ҳарбий-денгиз кучларига тегишли кемада ёнғин чиқди
20:03 / 08.11.2024