Калифорнияда Стэнфорд университетининг хитойлик юқори мартабали амалдорга тегишли кундаликларни сақлай олиш-олмаслик масаласига бағишланган суд жараёни бошланди. Иш Хитой ҳукуматининг цензурага қарши кураши сифатида баҳоланмоқда.
Кундаликлар коммунистик Хитой асосчиси Мао Цзэдуннинг котиби, маҳрум Ли Руига тегишли бўлган. Ли 2019 йилда вафот этганидан кейин унинг беваси ҳужжатлар энди ўзига тегишли эканини таъкидлаган ҳолда Пекинга қайтаришни сўраб, судга мурожаат қилган.
Стэнфорд ушбу даъвони рад этмоқда. Унда айтилишича, Хитой ҳукуматининг танқидчиси бўлган Ли ўз кундаликлари Коммунистик партия томонидан йўқ қилиниши мумкинлигидан хавотирланиб, уларни университетга топширган.
1935 йилдан 2018 йилгача бўлган давр оралиғида ёзилган кундаликлар Хитой Коммунистик партияси бошқарувининг асосий қисмини ўз ичига олади. Ўтган саксон йил давомида Хитой қашшоқлик изоляциясидан чиқиб, жаҳон иқтисодининг ажралмас қисмига айланди.
«Агар кундаликлар Хитойга қайтарилса, улар тақиқланади… Хитой партия етакчиларининг танқид қилинишига рухсат бериш борасида яхши репутацияга эга эмас», — дейди Стенфорд адвокатларидан бири Марк Литвак.
Ўзининг ислоҳотчи қарашлари билан танилган Ли Хитойда таниқли давлат арбоби бўлиб, бир вақтнинг ўзида партия уни ҳурмат қилар ва уни ўзига яқинлаштирмасликка ҳаракат интилар эди.
Ёш кадр сифатида у Маонинг эътиборига тушиб қолади ва 1950 йиллар ўрталарида Хитой етакчисининг шахсий котибига айланади. Аммо бу лавозим узоқ вақт сақланиб қолмайди.
Ли сиёсий йиғинда Маонинг қарашларини танқид қилгач, у партияда аъзолигидан ўчирилади ва ҳибсга олинади. У юзлаб партия амалдорлари ва жамоат арбоблари қаторида эътибордан четлатилади. Ли бошқалар каби 1976 йилда, Маонинг вафотидан кейин яна сиёсатга қайтади. У Гидроэлектроэнергия вазирлиги ва партиянинг амалдорларни муҳим лавозимларга тайинлайдиган бўлимига раҳбарлик қилади.
Нафақага чиққанидан кейин ҳам Ли партияда ислоҳотлар ўтказишни давом эттиради. Аммо унинг аччиқ ҳақиқатлари, жумладан, Си Цзинпинни қилган танқидлари ҳукуматга ёқмайди. Унинг меҳнатлари цензурага учраб, китоблари Хитойда тақиқлаб қўйилади.
Шунга қарамай, у партия оқсоқоли сифатида ҳурмат ва имтиёзларга эга эди. Ли вафот этганида у ҳурмат-эътибор билан дафн этилади. Марҳум ҳокимиятда бўлган вақтидаги фаолиятини батафсил кундаликларига ёзиб борган.





