Украина қуролли кучларининг Курск областидаги юриши «иложсизликдан ва катта махфийлик шароитида туғилган жасоратли саргузашт» бўлди, деб ёзмоқда The Economist. Журналистлар Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирскийнинг атрофидаги кишилар, шунингдек тўғридан тўғри Россия ҳудудидаги амалиётда иштирок этаётган украин ҳарбийлари билан сўзлашган ҳолда шундай хулосага келган.
Нашрнинг қайд этишича, бир томондан, кутилмаган босқин украин армиясининг руҳиятини кўтарган ва Украина қуролли кучлари ҳарбий ҳаракатларидаги янги тактикани намойиш этган. Аммо учинчи ҳафтага келиб юриш суръатлари секинлашди ва Россия жавоб қайтара бошлади, нафақат Курск областида, балки фронтнинг бошқа участкаларида ҳам.
Украина бош штабидаги манба Украина қуролли кучларининг Курск областидаги тактикасини «манёврли ҳужум» деб атайди — бу Украинага кенг кўламли босқиннинг илк даврида Россия қўмондони Валерий Герасимов қўллаганига ўхшаш услуб. Украинанинг тўртта бригадаси Россия чегарасини 6 август куни кесиб ўтган, қишлоқлар оралаб турли йўналишларда, танклар ва артиллерия олови, шунингдек ҳаводан FPV-дронлар қўлловида ҳаракатланган. Ҳарбийлар қуруқликда жиддий қаршиликка учрамаган, аммо уларни Россия авиацияси бомбардимон қилган. Украинларнинг оғир зирҳли техникаси киришидан олдин ҳудудлар кичик бўлинмалар томонидан ўрганиб чиқилган. Нашрнинг баҳолашича, босқиннинг илк кунларида бундай тактика «жуда самарали» бўлиб чиққан.
The Economist нашри ёзишича, Сирский Россияга босқин режасини улкан босим остида ишлаб чиққан. Украина қуролли кучлари Донбассда, айниқса муҳим логистик марказ бўлган Покровскда мудофаа чизиғини базўр ушлаб турибди. Июлда лавозимга 2024 йил февралида тайинланган бош қўмондон истеъфо ёқасида тургани ҳақида хабарлар тарқалганди.
«Сирский сиёсий ўйинларда кучли эмас. У урушда яхши», — деган журналистларга генералга яқин бўлган суҳбатдош. Унинг сўзларига кўра, қўмондон Россия мудофаасидаги энг заиф нуқталарга юриш қилиш бўйича бир неча сценарийларни кўриб чиққан: Брянск областига шимолдан зарба, Курск областига зарба, ушбу икки вариант комбинацияси ва бошқалар. Украина қуролли кучлари кўзлаган асосий мақсад Россия қўшинини Донбассдан чалғитиш ва бўлғуси музокаралар учун кузирга эга бўлиш эди.
Сирский ўз режаларини сир тутган, буни фақат тор доирадаги генераллар ҳамда хавфсизлик хизмати ходимлари билан баҳам кўрган ва стратегияни Украина президенти билан яккама-якка ҳолда муҳокама қилган, дея ёзади The Economist. Ҳатто Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси ҳам режалаштиришга фақат сўнгги босқичга келиб қўшилган. Манбага кўра, Украинанинг иттифоқчилари ҳам олдиндан хабардор қилинмаган, чунки Ғарбдагилар бунгача Сирскийнинг икки операциясини барбод қилганди — бири ҳақида Россия хабар топган, бошқасини бекор қилишга буйруқ берилган (мақолада булар қандай операциялар бўлганига аниқлик киритилмаган). Барчаси бошланиб кетганида эса Ғарб эътироз билдирмади.
















