Жаҳон | 09:27 / 22.08.2024
2822
2 дақиқада ўқилади

Венгрия украиналик қочқинларга ёрдам бериш қоидаларини кучайтирди

Венгрия урушдан қочган украиналикларга давлат томонидан ёрдам кўрсатилишини чеклади. Минглаб одамлар янги қоидалар туфайли кўчада қолиши мумкин, деб ёзади BBC.

Фото: The Insider

Венгрия Украинадан келган қочқинлар учун давлат томонидан ёрдам кўрсатилишини чеклади: энди фақат Россия ҳужумидан бевосита зарар кўрган Украина вилоятларидан мамлакатга келганлар уй-жой ва ижтимоий нафақаларни олишлари мумкин. Будапештдаги ҳукуматнинг тегишли қарори 21 август, чоршанба куни кучга кирди. 

Венгрия ҳукумати Украинанинг 13 та вилояти: Днипропетровск, Донецк, Запорижжя, Миколайив, Одесса, Суми, Харкив, Херсон, Чернихив, Луханск, Житомир, Киев вилояти ва Киев, шунингдек, Қрим яримороли, Севастополни жабрланган ҳудудлар рўйхатига киритган. Ушбу рўйхат ҳар ой янгиланади.

Шу билан бирга, Венгрияда, Британиянинг BBC медиа-компанияси хабар беришича, 31 минг Украина фуқароси бошпана олган, кўплари мамлакатда қочқин мақомига эга эмас. Улардан қанчаси жабрланган ҳудудлар аҳолиси эканлиги номаълумлигича қолмоқда. Янги қоидалар Венгрия ҳукумати рўйхатига киритилмаган ҳудудлардан қочқинларни автоматик равишда чиқариб юборишни англатмайди, бироқ 21 августдан бошлаб Украинадан келганларга ижарага берилган мулк эгалари давлат субсидияларини олишни тўхтатди. Натижада, минглаб одамлар кўчада қолиши ва ўз ватанларига қайтишга мажбур бўлиши мумкин, деб ёзади BBC. 

Мавзуга оид