Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, 24 август куни бўлиб ўтган мажлисда комиссия ва ишчи гуруҳ аъзолари – Олий суд, ички ишлар, ташқи ишлар вазирликлари, Ёшлар ишлар агентлиги, маҳалла уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси раҳбар ходимлари, ДХХ ва Бош прокуратуранинг тегишли бошқарма бошлиқлари ҳамда бошқа масъул ходимлари қатнашган.

Йиғилишда «Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги президент фармони ижроси юзасидан тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган фуқароларнинг жиноий жавобгарликдан озод этиш ҳақида тақдим этилган мурожаатлар кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, комиссия йиғилишда 10 та мурожаат ўрганиб чиқилиб, комиссиянинг муҳокамасига тақдим этилган.

«Комиссия томонидан ҳар бир мурожаат батафсил кўриб чиқилиб, натижаси бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниши таъминланди», — дейилади хабарда.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, фуқаролар мурожаатининг 7 таси қаноатлантирилган. 3 фуқарони жавобгарликдан озод этиш рад қилинди.