Миллиардга яқин фойдаланувчига эга Телеграм мессенжери асосчиси Павел Дуровнинг Париж аэропортида қўлга олиниши кўплаб муҳокамаларни келтириб чиқарди. Бу мессенжернинг Ўзбекистон учун аҳамияти жуда катта. Шундан келиб чиқиб, Kun.uz мавзу юзасидан айрим саволларга киберхавфсизлик бўйича мутахассис Анвар Нарзуллаевдан жавоб олди.
24 август куни Телеграм асосчиси Павел Дуров Париждаги аэропортда қўлга олинди. ОАВ маълумотларига кўра, ҳибсга сабаб сифатида Телеграм мессенжерида модерация йўқлиги ва Дуров Франция кучишлатар тузилмалари билан ҳамкорликдан бош тортгани кўрсатилмоқда. Телеграм Дуровнинг ҳибсга олиниши юзасидан баёнот бериб, мессенжер Европа Иттифоқи қонунларига амал қилиши, ундаги ҳуқуқбузарликлар учун платформа эгасининг жавобгарлигини даъво қилиш бемаънилик эканини маълум қилди.
Дунё бўйлаб қарийб бир миллиард фойдаланувчига эга Телеграм кун сайин муҳим маълумотлар манбаи ва кучли мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Хусусан, Телеграм Россия, Украина урушида расмийлар учун ҳам, медиа учун асосий маълумот манбаига айланди. Биламиз, Ўзбекистонда ҳам ушбу мессенжер жуда машҳур ва миллионлаб юртдошларимиз, давлат органлари ва ташкилотлари ундан фойдаланади. Бугунги онлайн меҳмонимиз – киберхавфсизлик бўйича мутахассис, Mohirdev платформаси асосчиси Анвар Нарзуллаев мессенжер ва унинг тақдири борасида айрим фикрларни билдириб ўтди.
– Дуров ҳибсга олинишида асосий сабаб сифатида мессенжерда модерациянинг йўқлиги айтилмоқда. Қарийб миллиардга яқинлашиб қолган фойдаланувчилари бор, миллион гигабайтлаб маълумотлар алмашадиган платформани модерация қилишнинг имкони борми ўзи?
– Модерация қилишнинг имкони бор, лекин бу пул ва ресурсларга бориб тақалади. Деярли барча катта ижтимоий тармоқларда бу йўлга қўйилган. Бу Facebook, Instagram, ёки Google'нинг қандайдир сайтлари бўлишидан қатъи назар, тизим йўлга қўйилган. Facebook компанияси модерацияни учинчи компанияларга топширган, чунки Meta маҳсулотларининг аудиторияси жуда катта, турли тилларда олиб борилади. Шу тилларда маҳаллий бошқа компаниялар ўз тилидаги постлар бўйича модерацияни олиб боради. Масалан, агар Meta модерацияни Ўзбекистонда амалга оширишни хоҳлашса, ўзбек компаниясини ишга олишлари ҳам мумкин. Шунингдек, Телеграм хоҳласа буни жиддийроқ амалга ошириши мумкин. Юқоридаги айтганимдек, бу ресурсларга боғлиқ. Бундан ташқари, сунъий интеллект технологиялари ёрдамида ҳам ҳозир модерация қилиш имкониятлари бор.

















