Ўзбекистон | 14:17 / 27.08.2024
22327
4 дақиқада ўқилади

Фарғонада очиқча рейдерлик – ИИБ фуқаронинг тортиб олинган мулкини қайтариб олиб беролмаяпти

Марғилон шаҳрида машина олди-сотдиси билан шуғулланган шахс бировнинг машинасини тортиб олиб, 9 ойдирки яшириб келмоқда. Фуқаронинг ўз номидаги мулкини қайтариб олишга бўлган ҳаракатлари самара бермаган: мулкни эгасига қайтариб олиб беришга ҳаттоки ИИБнинг ҳам “тиши ўтмаяпти”.

Фотоколлаж: Kun.uz

Марғилон шаҳрида очиқчасига рейдерлик ҳаракати содир этиляпти: “мошинфуруш” бировнинг номида бўлган машинани тортиб олиб, яшириб келмоқда. Kun.uz’га мурожаат қилган мулк эгаси ИИБга бир неча бор мурожаат қилганини, бироқ фойдаси бўлмаганини таъкидламоқда.

Kun.uz’га тақдим қилинган ҳужжатларда кўринишича, фуқаро Нилуфар Мелибоева ўрталарида ўзаро пул олди-бердиси бўлган таниши Ф.О. орқали машина савдоси билан шуғулланувчи Ш.А.дан Cobalt машинаси сотиб олган. Аввалига машина пули кредит орқали қоплаб берилган. Кейинчалик банкдан олинган кредит суммаси ҳам сўндирилган.

Машина нотариусда олди-сотди шартномаси тузилиб, фуқаро Нилуфар Мелибоева номига тўлиқ расмийлаштирилган.

Шу тариқа, сотиб олинган Cobalt’дан Нилуфар Мелибоеванинг ўғли фойдаланиб юрган. Аммо 2024 йилнинг бошида “мошинфуруш” Ш.А. фуқаро Ф.О. билан ўрталаридаги ўзаро қарз олди-бердиси учун Мелибоеванинг мулки ҳисобланган Cobalt машинасини тортиб олиб қўйган.

Мурожаатчига кўра, Ш.А. ҳозирги кунгача машинани яшириб, бермай келмоқда.      

Нилуфар Мелибоева ўз мулкини қайтариш учун бир неча бор Марғилон шаҳар ИИБга ёзма мурожаат қилди. Аммо натижа бўлмади. Машинани кўчада бегона шахслар ҳайдаб юрганига ҳам бир неча бор гувоҳ бўлдик. Бошқа фуқаронинг мулкини ноқонуний тасарруф этиб юрган бўлса-да, Ш.А.га нисбатан ҳеч қандай қонуний чора кўрилмаяпти”, дейди мулк эгасининг ишончли вакили 

Мулк эгасининг мурожаатларига жавобан Марғилон шаҳар ИИБ тергов бўлими терговчиси томонидан “ушбу ҳолатда ҳеч бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ”лиги ҳақида жавоб хати берилган холос.

Шунингдек, фуқаро Ф.О. фирибгарликда айбланиб, жиноий жазога тортилган. Суд мажлисида Ш.А. ўрталаридаги қарз олди-бердиси учун фуқаро Нилуфар Мелибоеванинг машинаси олиб қўйганини эътироф этган. Судда унга бу ҳаракати ноқонуний экани тушунтирилган. Лекин шунда ҳам Ш.А. машинани қайтармаган.

Бундан ташқари, машинани излаб топиш бўйича Фарғона вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғига бир неча бор алоҳида топшириқ хати чиқарилган. Аммо машина Ш.А. томонидан тортиб олиниб, яширилганини барча билган ҳолда машинани топиш ҳаракатлари амалга оширилмаган.

Агар Ш.А.дан машина эгаси қарз бўлган тақдирда ҳам бу суд орқали ҳал қилиниши керак эди: ҳар қандай ҳолатда бировнинг мулки зўравонлик билан тортиб олиниши рейдерликдан бошқа нарса эмас.

Ушбу ҳолатда Ш.А.нинг ҳаракатларида энг камида ўзбошимчаликда ифодаланган жиноят аломатлари мавжудлиги текширилиши лозим. Бинобарин Жиноят кодексининг 229-моддасига кўра ҳақиқий ёки фараз қилинган ҳуқуқларни ўзбошимчалик билан амалга ошириш фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, бу қилмиш ўзбошимчалик дея малакаланиши лозим. Бу каби қилмиш учун қонунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси назарда тутилган.

Мавзуга оид